Мактаб ўқувчилари қулоғидан зирагини ечиб олган аёлга нисбатан жиноят иши очилди
Андижонда қизалоқларнинг қулоғидан зиракларини тунаган аёл ушланди.
Воқеа 26 ноябрь куни соат 12:30 ларда содир бўлган. Фуқаро 26 ёшли Зулфияхон И. ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида мактаб ўқувчилари ҳисобланган вояга етмаган 8 ёшли Райёна Ш. ва 7 ёшли Зарина А.ларнинг ёлғиз келаётганлигидан фойдаланган ҳолда уларга байрам табриги олиб боришини айтиб, Райёна Ш., Зарина А.нинг қулоғидан 2 жуфт зиракларини ечиб олган ва ҳодиса жойидан яширинган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 27 ноябрь куни соат 13:00 ларда фуқаро Зулфияхон И. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида Андижон шаҳар Амир Темур шоҳкўчасида мактаб ўқувчиси, вояга етмаган 9 ёшли Муниса Н.ни ёлғиз келаётганидан фойдаланиб, унга байрам тадбирида иштирок этишини айтиб, қулоғидан бир жуфт зиракларини ечиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Терговга қадар текширув давомида, гумон қилинувчи Зулфияхон И.дан жабрланувчилар Райёна Ш. ва Зарина А.ларга тегишли бўлган сирғалар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Зулфияхон И.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.