Мактабда ўқув йили қандай якунланади?

Бугун ушбу савол кўпчиликни ўйлантираётгани табиий.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, халқ таълими тизимидаги ташкилот ва муассасаларда 2019-2020 ўқув йили “online-maktab” лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланади.

Имтиҳонларга келсак, Республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва тегишли давлат ташкилотлари 5–11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш йўлларини ёки бекор қилиш масаласини муҳокама қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги махсус ҳукумат комиссиясининг бу масаладаги қарорини ўзнинг расмий телеграмм (t.me/uzedu) канали орқали маълум қилади.

Айни пайтга қадар ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида уларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўриб, ўз устида ишлашлари учун вилоят халқ таълими бошқармасининг телеграммдаги https://t.me/samarqandvxtb расмий канали орқали Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан тавсия этилган 5–11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонлари материаллари жойлаштирилди. Ўқувчиларимиз босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонлари ўтказилиши ёки ўтказилмаслигидан қатъий назар билимини ошириб, ўз устида ишлаб борса мақсадга мувофиқ бўлади.

Фан олимпиадасининг вилоят босқичи ўтказиладими?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4-9 январь кунлари фан олимпиадасининг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилганди. Олимпиаданинг учинчи, яъни вилоят босқичи март ойида ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ карантин туфайли ушбу синовлар ҳам қолдирилди. Бу борада бўлаётган кўплаб мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда айтишимиз мумкинки, фан олимпиадасининг III (вилоят) босқичини ўтказиш бўйича барча тайёргарликлар кўрилган. Юртимизда жорий қилинган карантин тартиби бекор қилингач, республика махсус комиссияси томонидан оммавий тадбирлар ўтказишга рухсат берилган тақдирда, олимпиаданинг мазкур босқичи ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги мумкин. Олимпиада ўтказилиши режалаштирилса, ўтказиш вақти бўйича яна қўшимча маълумот берилади. Олимпиада ўтказилиши вазиятдан келиб чиқиб бекор қилинса, иштирокчиларга имтиёзлар берилмайди.

Битирувчиларга қандай имконият ва имтиёзлар яратилди?

2019/2020 ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларининг 11-синфларини 53589 нафар ўқувчи битиради. Уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришларини қўллаб-қувватлаш мақсадида карантин шароитидан келиб чиққан ҳолда Давлат тест маркази томонидан қатор имкониятлар яратилган. Жумладан, марказнинг тест топшириқлари очиқлигини таъминлаш мақсадида ташкил этган e-Sinov тизим орқали абитуриентлар ҳар бир фан бўйича бепул “Тест топшириқлари тўплами 2019” амалий қўлланмаларида нашр этилган тест топшириқлари тўпламларидан шакллантирилган вариантни ечиб, ўз билимларини синаб кўришлари мумкин. Бундан ташқари, “Ma’rifat” газетасида ҳам ДТМ билан ҳамкорликда апробациядан ўтган тест саволларини эълон қилиб бориш кўзда тутилган.

Ўқитувчилар ҳам тест топширади

Умумтаълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш мақсадида 2019 йилда тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида ДТМ базаси асосида ўқитувчилар ўртасида тест синови ўтказилган эди. Ушбу тест-синовлари 2020-2021 йилларда барча ҳудудларда, шу жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам ўтказиш режалаштирилган. Шу боис умумтаълим мактабларининг фан ўқитувчилари ёз мавсумида онлайн тарзда Давлат тест марказининг e-sinov тизими орқали ўз билимларини синаб ва мустаҳкамлаб боришлари тавсия этилади.

Саидаҳмад Усмонов,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи