Мактабгача таълим тизимининг долзарб масалалари муҳокама этилди

Самарқанд давлат университетида “Мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда илмий-амалий инновацияларнинг педагогик аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Zoom орқали ташкил этилган конференцияда Хитой, Россия, Корея, Туркия, Ҳиндистон, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Украина, Болгария, Португалия давлатларидан соҳа мутахассислари иштирок этди. Шунингдек, 300 га яқин мутахассис ва олимлар ўзларининг мактабгача таълим соҳасидаги бугуннинг долзарб масалаларига қаратилган маърузалари билан қатнашди.

Конференцияда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг назарияси ва методикасига оид инновациялар, олий таълим ва мактабгача таълим ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, мактабгача таълимни ахборотлаштириш, инновация, ўргатувчи технологиялар, электрон ресурслар, илғор хорижий тажрибалар асосида давлат ва нодавлат МТТлар фаолиятини такомиллаштириш каби мактабгача таълим тизимининг муҳим масалалари муҳокама қилинди.

- Мактабгача таълим муассасалари тизимини ривожлантириш, болаларни боғчаларга жалб этиш, мактабга тайёрлаш бугунги кунда муҳим масалалардан бири  сифатида қаралмоқда, - дейди педагогика фанлари доктори Шохида Тайланова. –  Мазкур илмий-амалий конференциямиздан кўзланган мақсад ҳам  соҳадаги инновацияларнинг аҳамияти, кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатиб, улар билан ҳар томонлама тажриба алмашиш, давлат ва нодавлат боғчаларда табиий ва гуманитар фанларни ўргатиш бўйича креатив ғояларни ўрганишдан иборат. Ҳар бир давлатнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, соҳада амалга оширишимиз лозим бўлган ишларни тизимли жорий этишимиз лозим. Мисол учун, Корея давлатида давлат боғчалари нодавлат боғчаларга қараганда анча қиммат туради. Кореялик мутахассисларнинг фикрича, бунинг сабаби давлат боғчаларида олим ва олималарнинг жиддий эътибори, тизимда амалга оширилаётган янгиликларни амалиётда қўллаб, кутилган натижага эриша олишида, деб ҳисоблашади. Бизда аксинча. Сабаби узоқ йиллар эътибордан четга қолган мактабгача таълим тизимида кадрлар етишмаслиги муаммоси ўзининг долзарблигини йўқотмаган. Самарқанд давлат университети томонидан малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор имтиёзлар берилди. Халқаро конференция ҳам мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг турли жабҳаларини қамраб олган.

Конференцияда болалар бадиий адабиётининг улар нутқини ривожлантиришдаги аҳамияти, мактабгача таълим тизимига замонавий ёндашув, болаларнинг соғлом ривожланишида махсус жисмоний ҳаракатларнинг ўрни, инклюзив таълим бўйича Франция тажрибасини ўрганиш ва амалга ошириш, Бошқирдистон Республикасида мактабгача таълим ташкилотларига тарбиячиларни тайёрлашда уларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш каби мавзуларда маърузалар тингланди.  Шу билан бирга қатор давлатлар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.