Мактабларда янги ўқув йилида дарслар гибрид шаклида бўлиши мумкин. Бу қандай ташкил этилади?

2021/2022 ўқув йилида мактаб ёшидаги болалар орасида касаллик тарқалиши ҳолатлари кўпайгани сабабли дарс жараёни гибрид шаклда давом эттирилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Бунда мактабда юзага келадиган вазиятга қараб мактаб Санитария-эпидемиология назорати марказлари таклифига асосан маҳаллий кенгашлар қарорларига кўра айрим мактаблар карантинга ёпилиб масофавий тизимга ўтказилиши мумкин.

Бундай ҳолатларда ўқувчилар таълимни вақтинча масофавий шаклда уйдан давом эттиради. Ўқувчининг масофадан таълим олишига имконият яратиш мақсадида Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида эфирга узатилаётган дарслар давом эттирилади.

Халқ таълими вазирлиги анъанавий таълимни тўлиқ тикланиши учун барча тизим ходимларини тезроқ вакцина олишларини сўраб қолган. Чунки ҳеч қандай энг замонавий масофавий таълим тизими ҳам бевосита мактабдаги таълим ўрнини боса олмайди.