Мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик қандай?
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи олис ҳудудлардаги мактабларни кўздан кечирди.
Бугун, 3 июнь куни вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов Нуробод туманидаги 10, 18, 23, 41 ҳамда 2-умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим-тарбия жараёнларини самарали ташкил этиш бўйича яратилаётган имкониятлар, янги ўқув йилига тайёргарлик, муассасаларда амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини кўздан кечирди.
Ўтган ўқув йилида вилоятдаги барча мактаб директорларига ўқитувчилар ўртасида “Устозлар беллашуви”ни ташкил этиш ва уларнинг ўз фанига доир билимларини ошириб боришга доир топшириқлар берилганди. Ўрганиш жараёнида тумандаги деярли барча мактабларда ушбу вазифа номигагина ўтказилганлиги намоён бўлди.
Сазағон қишлоғида жойлашган 10-умумтаълим мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда жадал олиб борилмоқда. Мактабда 977 нафар ўқувчига 86 нафар малакали педагоглар билим бериб келмоқда. Тумандаги 2016 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган 23-умумтаълим мактабига кириб боришда бир қарашда обод ва кўркам маскандек тасаввур уйғотади. Синфхоналар янги ўқув йилига шай ҳолатда сақланмоқда.
Бироқ мактабнинг орқа томонига ўтсангиз мутлақо бошқа оламга тушиб қолгандек бўласиз. Мактаб стадионини бегона ўтлар босиб кетган, бир неча йиллардан буён қурилиш чиқиндиларининг уюми ҳосил бўлган. Ҳожатхонанинг сувоқ қилинган девори кўчиб тушган.
Қарийб 2 га. ер майдонига эга бўлган мактаб ҳовлисидан унумли фойдаланилмаяпти. Бир сўз билан айтганда, яратилган кенг имкониятдан деярли фойдаланилгани йўқ. 23-мактаб директори Эсон Ҳасанов, директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Обид Холиёровлар келажак авлод учун давлат томонидан яратилган кенг имкониятни қадрлаб, муқаддас масканни муҳташам масканга айлантириш ўрнига хотиржамликка берилган.
Анжирли қишлоғида жойлашган, Қаҳрамон Суяров директорлик қилаётган 18-умумтаълим мактабида ҳам камчиликлар кўзга ташланди. Бироқ муассасанинг биноси эски, мослаштирилган бино бўлишига қарамасдан, ўқув хоналарини янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилган.
23- ва 18-мактабларини бир-бирига қиёслаганда раҳбар диди, фидойи ва жонкуярлиги ёки ўзибўларчилик кайфиятида иш олиб бораётгани яққол намоён бўлади.
Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича таянч мактаблардан бири сифатида белгиланган тумандаги 2-умумтаълим мактабида муассаса биноси, синфхона ва лабораторияларни янги ўқув йилига тайёрлаш ишлари деярли якунига етказилган. Бўш турган ер майдонларига иссиқхона қурилган, мевали дарахтлар ўтқазилган.
— Иссиқхонада ўтқазилган 15 туп лимон дарахтидан бир ҳосилдан жорий йил 2 миллион сўм даромад олдик, — дейди 2-умумтаълим мактаби директори Ҳамдам Ирисов. — Ушбу маблағ ҳисобидан баъзи синфхоналардаги ёритиш тизимини қайта таъмирлаш, пол қисмини бўяш ишларига сафарбар этдик.
Тумандаги 41-умумтаълим мактабида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 3 миллиард сўмлик капиталь таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. С.Усмонов мактабдаги қурилиш жараёнлари билан танишиб, ўқувчи ва ўқитувчилар учун муносиб шароитлар яратиш, мактабнинг замонавий қиёфага эга бўлиши бўйича ўзининг тавсияларини берди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.