Мактабларнинг неча фоизи янги ўқув йилига тайёр?

Янги 2020-2021 ўқув йили бошланишига бир ойдан ортиқроқ вақт қолди. Хўш, бугун вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг нечтаси янги ўқув йилига тайёр? Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида ZOOM платформаси орқали ўтказилган онлайн йиғилишда ушбу саволлар ўртага ташланди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда умумтаълим мактабларининг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини онлайн назорат қилиб бориш бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан stat.uzedu.uz портали жорий қилинди. Бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1238 та умумтаълим мактабларининг барчасини stat.uzedu.uz базасига киритиш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, мактабларда янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича аниқ маълумотлар ҳам жойлаштириб борилмоқда.

Дарҳақиқат, айни пайтга қадар 400 дан ортиқ умумтаълим мактаблари янги ўқув йилига тайёр. Қолган умумтаълим мактабларида, жумладан, 53 та мактабда инвестиция дастури ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, вилоятдаги 124 та мактабда иситиш тизимини таъмирлаш, 57 та мактабда якка тартибда қозонлар сотиб олиш, 90 та мактабни жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш, 62 та мактабда ҳожатхона қуриш ва таъмирлаш, 7 та мактабни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, 35 та мактаб атрофини тўсиқ девор билан ўраш, 2 та мактабга ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси ўрнатиш, шунингдек, 2 та мактаб филиалларини таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 23,185 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

С.Усмонов онлайн йиғилишда туман ва шаҳар мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишларининг ҳолати бўйича халқ таълими бўлими мудирларининг ҳисоботини тинглади. Шунингдек, stat.uzedu.uz порталига маълумотларнинг киритилиш ҳолатига алоҳида тўхталиб ўтди.

Мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича Халқ таълими вазири томонидан қабул қилинган буйруқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича аниқ вазифалар берилди.

Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов умумтаълим мактабларида вариатив ўқув режаларини кенг жорий этиш, ушбу йўналишдаги амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида тўхталди.

Таъкидланганидек, Халқ таълими вазирининг 2020 йил 15 июндаги “Умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларни тажриба-синовдан  ўтказиш тўғрисида”ги 144-сонли буйруғига асосан янги ўқув йилидан 4 чорак давомида 7-,8-,9-,10-,11-синфлар учун 12 та йўналиш бўйича вариатив ўқув режалари жорий этилади.

Онлайн йиғилишда янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини ўз вақтида якунлаш, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.