Мамлакат ҳудудидан йирик миқдордаги нақд хорижий валюталар яширинча олиб чиқилишининг олди олинди

Божхона ходимлари томонидан нақд хорижий валюталарни божхона чегараларидан турли ноқонуний йўллар билан олиб ўтилишига қарши самарали кураш олиб борилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона пости ходимлари томонидан, ушбу постга пиёда ҳолда кириб келган фуқаро О.А. божхона назоратидан ўтказилганда фуқаронинг эгнидаги кийими чўнтакларига яширилган, оғзаки сўровда тақдим қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 40 000 АҚШ доллари яширилганлиги аниқланди.

“Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланди.

Ушбу пост орқали қўшни давлатга йўл олган У.Н. ва И.Х. исмли шахслар ҳам божхона назоратидан ўтказилганда, улар қарийб 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд хорижий валюталарни кийимларига яшириб, республикамиздан ноқонуний равишда олиб чиқмоқчи бўлганлиги маълум бўлди.

ДБҚ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.