MANBAIMI yoki MANBAYIMI?

Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги бош ғояси бўлган “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиорининг лотин алифбосида ёзилиши борасида бугун жуда кўп баҳс-мунозаралар юзага келмоқда. Шу боис айрим имло қоидаларини эслатиб ўтишни жоиз, деб билдик.

Бизга маълумки, кирилл ва лотин алифболарида сўзлар ёзилганда имло қоидалари бўйича кўпгина сўзларда ўзгаришлар кузатилади. Масалан, кирилл алифбосида сентябрь, октябрь тарзидаги ёзиладиган сўзлар лотин алифбосида sentabr, oktabr тарзида ёзилади, яъни бир y ҳарфи ёзилмайди. Кирилл алифбосида таржимаи ҳол – лотин алифбосида tarjimayi hol, кирилл алифбосида нуқтаи назар – лотин алифбосида nuqtayi nazar. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.      Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августдаги 339-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”нинг асос ва қўшимчалар имлоси бандининг 3-қисм б бандида қуйидагича изоҳланган: parvo, obro‘, mavqe, mavzu, avzo сўзларига I, II шахс эгалик қўшимчаси қўшилганда бир у товуши қўшиб айтилади ва шундай ёзилади: parvoyim, parvoying; parvoyimiz, parvoyingiz; obro‘yim, obro‘ying; obro‘yimiz, obro‘yingiz каби; III шахс эгалик қўшимчаси parvo, avzo, obro‘, mavqe сўзларига -yi шаклида қўшилади: avzoyi, mavzusi каби. 

Шу бандга доир кўпчилик йўл қўяётган яна бир хатоликни таъкидлаб ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз. Тилимизда кўп қўлланиладиган murabbiy, dohiy каби сўзларга эгалик қўшимчаси қўшилган ҳолда нафақат оғзаки нутқда, ҳатто ёзма манбаларда ҳам ҳар хилликка йўл қўйилмоқда. Dohiysi деб ҳам, dohiyi деб ҳам, айниқса, республика, вилоят радио, телевидениеси орқали футбол шарҳловчилари, ҳатто журналистлар, ахборот шарҳловчиларининг нутқида ҳам murabbiysi сўзидан кўра кўпроқ murabbiyi деб нотўғри қўлланилмоқда. Бу ҳол эса  “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”нинг юқорида таъкидланган бандига тўғри келмайди.          

Ўрта умумтаълим мактаблари 8-синф ўқувчилари учун мўлжаллаб нашр этилган амалдаги “Она тили” дарслиги (Cho‘lpon nomidagi nashriyot-matbaa uyi, Toshkent, 2019) 25-саҳифасининг бошланишида kitob – bilim manbayi шаклида ва шу китобнинг 27-саҳифаси бошланишида obi hayot – tiriklik manbayi шаклида мисол тариқасида келтирилган manbayi сўзи аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган. Бу каби мисолларни манбалардан кўплаб келтиришимиз мумкин. Агар бу сўзнинг manbayi шаклида ёзилиши хато экан, мактаб дарслиги нашрга берилиши олдидан қанчадан-қанча мутахассисларнинг назоратидан ва тегишли ташкилотларнинг экспертизаларидан ўтиб, кўпминг сонли нусхаларда чоп этилганлигига қандай баҳо берамиз?!                                                                 

Бизнингча, manbayi сўзининг янги алифбога асосланган имло қоидалари бўйича қандай ёзилиши тўғрилигига бундан ортиқ изоҳ бўлмаса керак. Ҳар доим сўзларни интернет саҳифаларида ёзилаётганидек эмас, янги алифбога асосланган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”га таяниб ёзсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз. Асос учун шу китобнинг тегишли саҳифаларини келтирамиз.

 

Мардон БОЛТАЕВ,

Самарқанд давлат университети доценти,

Шерали ТЕМИРОВ,

Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.