Манфаатдор ўқитувчи сифат ва тараққиёт учун жон куйдиради

Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректори Фазлиддин РЎЗИҚУЛОВ билан суҳбатимиз ана шулар хусусида бўлди.

- Кейинги йилларда профессор-ўқитувчиларнинг ўқув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий йўналишлардаги машаққатли меҳнати алоҳида рағбатлантирилмай қўйганди, - дейди проректор. - Илмий иш олиб бориб, докторлик диссертациясини ёқлаган мутахассис ва оддий стажёр-ўқитувчининг маоши ўртасидаги фарқ катта эмаслиги педагогларда ўз устида ишлаш учун қизиқиш уйғотмасди. Оқибатда олий таълим муассасаларида илмий-педагог кадрларнинг салоҳияти, илмий унвон ёки даражага эга, малакали кадрларнинг улуши пасайиб кетди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 апрелдаги олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш, 20 июлдаги фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини оширишга доир қарорлари самарасида олий таълим муассасаларида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қодир юқори малакали кадрлар тайёрлашга киришилди. Олий даргоҳларда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шароит яратиш чора-тадбирлари белгиланди.

Таълим сифатини оширишга қаратилган мазкур ислоҳот самарасида олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдори сезиларли даражада оширилди. Яъни, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб кафедра мудири 3,21 - 3,88 миллион сўмгача, профессор 3,32 - 3,7 миллион сўмгача, доцент 2,62 - 3,13 миллион сўм, катта ўқитувчи 2,35 - 2,73 миллион сўм, ассистент, ўқитувчи 2,09 - 2,41 миллион сўмгача ва ўқитувчи-стажёр 1,85 миллион сўм ойлик оладиган бўлди.

2019 йилнинг 1 январи ҳамда 1 июлидан бошлаб эса профессор 4,44 - 5,55 миллион сўм ойлик маош олса, ўқитувчи-стажёрга 2,22 - 2,77 миллион сўм меҳнат ҳақи тўланади.

Бу, албатта, келажакда олий таълим тизимидаги муаммоларни ҳал этиш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларнинг мавқеини кўтаришга хизмат қилади. Илмий фаолиятнинг бундай рағбатлантирилиши профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларимизнинг моддий манфаатдорлигини оширади, илмий салоҳиятини мустаҳкамлайди, таълим сифатини, илмий-тадқиқот самарадорлигини юксалтиради, муҳими, истеъдодли ёш олимлар ва талабаларнинг илм билан шуғулланишига пухта замин яратади.

- Талабалар ва ўқитувчиларнинг куз фаслида пахта йиғим-теримига жалб этилиши таълим жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, умуман, таълим сифатига таъсири қай даражада эди?

- Олий таълим муассасаларидаги бир ўқув йилига 44 ҳафталик таълим жараёнлари белгиланган. Муассасадаги таълим ўқув-режалари ҳам шу ҳафталарга (байрам саналари билан боғлиқ таътиллардан ташқари) тақсимланган. Пахта йиғим-терим мавсумида, дейлик, ўқув-режада белгиланган 4-6 ҳафталик дарс соатлари "ҳавога совуриларди". Белгиланган йиллик ўқув-режани бажаришга мажбурлигимиз сабаб пахта мавсумидан кейинги даврларда ўқитувчиларимиз бир кунга белгиланган 3 жуфтлик дарс жадвалларига 1-2 жуфтлик дарс қўшиб ўтишга тўғри келарди. Оқибатда профессор-ўқитувчиларимиз ўзига қўшимча юклама олиб, 3 жуфтлик ўрнига 4-5 жуфт­лик дарс машғулотлари ўтишарди. Меъёрдан ортиқ юклама боис ўқитувчи жисмонан, руҳан толиқади. Худди шу ҳолатда талаба ҳам билимларни рисоладагидек қабул қилмайди, чарчайди.

Бу ҳолат, биринчидан, таълим муассасаларидаги ўқув-режаларининг бажарилишига тўсқинлик қилса, иккинчидан, давлат таълим стандартлари талабларининг ижросини тўлақонли таъминлашда қийинчиликлар туғдираётганди. Ўз навбатида, бу олий таълим муассасаларидаги таълим сифатининг пасайиб кетишига олиб келаётганди.

 

Бугун Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудида мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар, фуқароларимизнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар шу каби ноқулайликлар, баркамол авлод, малакали мутахассис тайёрлашдаги салбий таъсирларнинг олдини олишда қўл келаётир.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ суҳбатлашди.