Марказий банк фуқароларни фирибгарлик ҳолатларидан ҳушёрликка чорлайди

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари орасида интернет сайтларидаги рекламалар орқали қисқа вақт ичида пул ишлашни таклиф этаётган ташкилотларнинг ёлғон маълумотларига ишониб, ўз пул маблағларини хорижий давлатларга ўтказиш ҳолатлари учраб турибди.

Бунда асосан интернет фойдаланувчиси пул ишлаш тўғрисидаги рекламалар билан танишиб, ташкилотларга сўров қолдирилади. Қисқа вақт ичида “А” исмли шахс фойдаланувчи билан боғланади ҳамда савдо майдончасига (FOREX платформалари) киришни таъминлаш, халқаро молия бозоридаги савдо бўйича таҳлилий маълумот ва маслаҳат тақдим этиш таклифи билан маълум бир миқдорда чет эл валютасида сармоя киритиш сўралади.

Пул маблағлари ўтказилгандан кейин, ташкилот ходими – таҳлилчи томонидан масофавий эркин фойдаланиш дастурини (Any Desk) ўрнатиш сўралади ва мазкур дастур ўрнатилгандан сўнг у орқали платформадаги савдоларда қатнашилади. Сармоя киритган фуқаро платформада ўз маблағининг ўсишини кўради ҳамда кўпайган пул маблағларини ечишга қарор қилганда, таҳлилчи ушбу маблағларни ечиб бермайди ва турли баҳоналарни важ қилади ёки умуман алоқага чиқмайди.

Шундан сўнг фуқаро томонидан брокерлик компаниясининг шахсий кабинетига кирган ҳолда пул маблағларини ечиш юзасидан сўровлар юборилганда “кутилмоқда” мақоми кўрсатилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Марказий банк юртдошларимизни фирибгарларнинг алдовларига ишониб қолмасликлари юзасидан огоҳ бўлишликка чорлайди.