“Мароқанд нефт базаси”да талон-торожликка йўл қўйган ходимларга оид тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди
“Мароқанд нефт базаси” МЧЖнинг собиқ раҳбарияти ва мутасадди ходимлари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзларига тегишли корхоналар ва фермер хўжаликларига жами 17,8 млрд. сўмлик нефть маҳсулотларини тўловсиз етказиб, ўзлаштиргани аниқланган.
Нефть база ҳисобчилари томонидан жами 1 829 млрд. сўм жамият ҳисоб-рақамига келиб тушмаган бўлса-да, сунъий равишда истеъмолчиларнинг интерактив карталарига киритилиб, нефть маҳсулотлари ўзлаштирилган.
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар билан боғлиқ 1 миллиард сўмдан зиёд тўловлар ва молиявий хато-камчиликлар аниқланган.
Жамиятнинг марказий нефть маҳсулотлари омбори ва тасарруфидаги ФЁТШларда жами 564,5 млн. сўмлик нефть маҳсулотлари, 89 млн. сўмлик асосий воситалар ва инвентарлар камомадлари аниқланган.
Жамиятнинг марказий нефть маҳсулотлари омборида ва “Зиёвуддин” филиалида сақланиб келинаётган 6,3 минг тонна нефть маҳсулотлари стандарт талабларига мос келмаслиги, яъни сифатсизлиги маълум бўлган.
Жамиятга тегишли темир йўл цехи, қозонхона ва автохўжаликлари томонидан 520 млн. сўмлик нефть маҳсулотлари асоссиз ҳисобдан чиқарилган.
Жамиятнинг 2022 йил 1 декабрь ҳолатига муддати ўтган дебитор қарздорлиги 50,5 миллиард сўмни ташкил қилган. Ушбу қарздорлик бўйича мажбурий ундирув чоралари кўрилмаганли оқибатида 14 млрд. сўми умидсиз қарзга айланган.
Жамият собиқ бош ҳисобчиси ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги натижасида 10,4 млрд. сўмлик қўшилган қиймат солиғи ортиқча тўланган.
Жамият тасарруфидаги АЁҚШда 29 миллион сўм чакана савдо пул тушумлари ўз вақтида жамиятнинг тегишли ҳисоб-рақамларига кирим қилинмаган.
Шартномаларнинг харид қонунчилигига тўғри келиши танлов асосида ўрганилганда, қиймати 268,7 млн. сўмлик шартномалар давлат харидлари қонунчилигига зид равишда тўғридан-тўғри тузилган.
Ўрганиш жараёнида жами 4,5 млрд. сўмлик пул маблағлари жамият ҳисоб-рақамига ундирилиши таъминланди.
Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва камомадларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган.