Самарқанддаги бюджет муассасаларида 563 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятидаги бюджет муассасаларида бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, тизимда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган омиллар ўрганилди.

Ўтказилган ўрганиш давомида ҳудуддаги бюджет ташкилотлари томонидан ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаш ҳамда қурилиш учун ажратилган маблағларни сохта ҳужжатлар асосида талон-торож қилиш ҳолатлари мавжудлиги фош этилди.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали мансабдор шахслари марказда ишловчи 54 нафар ишчи-ходимга умумий 175 млн. сўмлик туғруққача ва туғруқдан кейинги таътил, касаллик варақаси ва меҳнат таътили ҳамда устама пулларини асоссиз ҳисоблаш орқали давлат бюджетининг жуда кўп миқдордаги маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Бу каби ҳолатларни Самарқанд шаҳар 3-сон туғруқ мажмуаси томонидан ходимларга иш ҳақи сифатида 50 миллион сўм ва Нарпай туман ободонлаштириш бошқармасида жами 29 миллион сўм бюджет маблағлари қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда тасарруф этилганида ҳам кўриш мумкин. 

Вилоят прокуратура идоралари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижалари бўйича мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.

Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига кўра, вилоятдаги бюджет муассасаларида жами 563 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Ҳозирда вилоятдаги бошқа муассасаларда аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.