Самарқандда 8 нафар фуқаронинг номига кредит расмийлаштириб, 156 миллион сўмдан ортиқ пулни талон-торож қилган собиқ банк ходими ушланди

Бу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан “Алоқа банк” вилоят филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.

Текширув давомида банкнинг Самарқанд “Шарқ” комплекс хизматлар кўрсатиш маркази собиқ бош менежери Ш.Н. 2021 йил давомида банкка кредит сўраб мурожаат қилмаган 8 нафар фуқаронинг номига сохта ҳужжатлар асосида жами 156,3 млн. сўм истеъмол кредитини расмийлаштириб, талон-торож қилганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.