"Машраб" янгича талқинда
Ёқуб Аф,
Ўзбекистон халқ артисти:
– Саҳнада тарихий шахслар сиймосини кўрсатганда эҳтиёт бўлиш керак. Уни баркамол кўрсата олишга кўзимиз етсагина бунга қўл уриш лозим. Ушбу асарда кийимлар, декорация ва мусиқада камчиликлар кўзга ташланди. Лекин актёрлар ижроси мукаммал. Машрабнинг ғазалларидан, халқ куйларидан фойдаланилса, янада яхши бўлади. Изланишларни давом эттириб, мукаммаллаштириш жуда муҳим.
Дилором Салоҳий,
профессор:
– Бугунги спектаклда композиция ҳам, постановка ҳам, режиссура ҳам жойида. Асосийси, актёрларнинг моҳирона ижроси гўзал. Машраб мукаммал шахс. Ушбу тарихий образни битта спектаклда тўла талқин этиш имкони йўқ. Унинг фақатгина қирраларинигина саҳналаштириш, сайқал бериш мумкин. Театр жамоаси бугун мана шу натижага эриша олган.
Эркин Мусурмонов,
Машраб ҳаёти ва ижодини ўрганган адабиётшунос олим:
– Ажойиб асар бўлибди. Айниқса, актёрлар ўз ишига профессионал ёндашган. Аммо бунга тарихий асар, деб қараш ноўрин. Чунки тарихий ҳақиқатларга мос эмас. Аслида Машрабнинг ҳаётида Офоқой бир кўриниш берган, холос. Асарда маликага кўпроқ урғу берилган. Офоқхўжанинг даргоҳидаги канизак образи кўтарилганда Машрабнинг ҳаётига бошқача ёндашув бўларди. Офоқойнинг Маҳмуд Қатағоннинг саройида бўлиши ҳам ғалати. Қатағон-Афғонистоннинг Балх шаҳри ҳукмдори. Малика Хитойнинг қалмоқ элидан. Лекин бадиий асар сифатида ажойиб чиққан.
Муқаддас Ахметжанова,
театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи:
– Тарихда биз билган ва айтилган ҳақиқатлар бор. Асарда Маҳмуд Қатағон образига янгича ёндашилган. Театр – ижодий жараён. Машраб ижодидан қатралар келтириш, шунинг билан бирга, унинг Наманган фарзанди эканлигига урғу бериш керак.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.