Масжидларга қуролли ҳужум уюштирган кимсага бир умрлик қамоқ жазоси тайинланди
Янги Зеландия суди Крайстчерч шаҳридаги масжидларга ҳужум уюштирган австралиялик Брентон Таррантга нисбатан муддатидан олдин озодликка чиқиш ҳуқуқисиз, бир умрлик қамоқ жазоси тайинлади. Бу ҳақида NZ Herald нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, муддатдан олдин озодликка чиқиш ҳуқуқисиз, бир умрлик қамоқ жазоси Янги Зеландия тарихида биринчи марта қўлланилган.
Суд ишининг сўнгги кунида Таррант судда қатнашишдан бош тортди. У қотиллик содир этиш, қотиллик қилишга уриниш ва терроризм жиноятларини содир этганини тан олди. Бундан ташқари, у адвокат хизматидан ҳам кечди.
2019 йил 15 март куни Таррант қўлига автомат олган ҳолда Крайстчерче шаҳридаги иккита масжидга ҳужум уюштирган. Оқибатда 51 киши ҳалок бўлган, 40 киши жароҳатланган. Шу билан бирга, у содир бўлаётган воқеаларни интернетда онлайн трансляция қилган.