Матбуотнинг кечаги тарихи бугунги журналистика учун сабоқ

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи маслаҳатчиси Асаджон Ходжаев бошчилигидаги инспекция ходимлари вилоят Матбуот уйида бўлди.

Дастлаб Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят газеталари таҳририятлари фаолияти билан танишди. Меҳмонларга «Зарафшон» ва «Самаркандсикий вестник», «Овози Самарқанд» ҳамда «Самарқанд» газеталари таҳририятларида журналистлар учун яратилган шароитлар, газеталарни тайёрлаш ва нашр этиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, меҳмонлар Зарафшон воҳаси матбуоти тарихини ўзида мужассам этган музейга ташриф буюрди. Музей экспозициясида газета чоп этилиши билан боғлиқ дастлабки ашёлар, турли даврларга оид қўлёзмалар, газеталарнинг илк намуналари, журналист ва муҳаррирларнинг шахсий иш воситалари ҳамда матбуот тарихига дахлдор бошқа ноёб буюмлар инспекция ходимларида қизиқиш уйғотди.

Экспозицияда ўзбек журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган зиёлилар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Ҳожи Муин каби маърифатпарварларнинг фаолиятига алоҳида ўрин берилган.
- Бугун ахборот технологиялари ривожланаётган бир пайтда матбуотнинг бой тарихини ўрганиш ва уни асраб-авайлаш муҳим аҳамиятга эга, - дейди Асаджон Ходжаев. - Рақамли технологиялар журналистиканинг шаклини ўзгартириши мумкин, аммо касбнинг холислик, масъулият ва ҳақиқатга содиқлик тамойиллари ўзгармайди. Шу нуқтаи назардан бу меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш келажак авлод учун катта аҳамиятга эга.