Каттақўрғонда коррупцияга муросасиз муҳитни қандай шакллантириш мумкин?
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Каттақўрғон туманида коррупциянинг олдини олиш, маиший коррупцияга барҳам бериш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини ўрганди.
Ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда “Йўл харита”сида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар муҳокама қилинди.
Ўрганиш давомида ягона тиббиёт ахборот тизими — DMEDда “Электрон рецепт” модули орқали беморларга рецептларни электрон шаклда бериш амалиётига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, иш ставкаларини тақсимлашда коррупциявий омилларни бартараф этиш, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни амалиётга жорий этиш юзасидан масъул идоралар раҳбарларига қатор топшириқлар берилди.
Йиғилишда давлат органларига ишга қабул қилиш жараёнларида бюрократик тўсиқлар ва инсон омилини камайтириш, ходимларни ишга қабул қилишни очиқ ва шаффоф танлов асосида ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнларни мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Якунда “Йўл харита”сида белгиланган вазифаларни белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш, ҳудудни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш борасидаги таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Берилган топшириқларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.