“Мен раҳбарлик қилаётган тизимда коррупция йўқ!”

 Шундай гапни қачон эшитамиз?

Қариндошларимиздан бири каттароқ қарз сўраб юрганини эшитиб, бирор муаммоси бормикан, деб қизиқиб кўрдим. Билсам, ўғли бир ташкилотга ишга кириши учун пул лозим.

Умуман, бундай гап-сўзларни эшитиб юрибмиз, ҳеч ким бундан ҳайратланмайди.

Яқинда бир мактабда учта ўзи йўқ ходим “ишлаб юргани”, ўқимаётган ўқувчилар “таҳсил олаётгани” маълум бўлди. Бундай ҳолатлар бир эмас, бир нечта таълим муассасаларида содир бўлмоқда. Ростдан ҳам коррупцияни йўқотиш шунчалик қийинми? Уни камайтириш борасидаги ишлар етарли самара беряптими? Одамларда коррупциясиз ҳам муваффақиятга эришиш мумкин, деган тушунча қачон шаклланади? Бошқа давлатлар бу иллатнинг олдини олиш учун қайси усуллардан фойдаланган?

 

Битта мактабда 587 миллион сўм талон-торожлик?!

Самарқанд вилояти суди раисининг таъкидлашича, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан шу йилнинг уч ойи давомида 113 нафар шахсга нисбатан коррупцияга оид 84 та жиноят иши, 235 нафар шахсга нисбатан 186 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўрилган. Мазкур жиноят ишлари бўйича таълим соҳасидан 18 нафар, банк тизимидан 9 нафар, соғлиқни сақлаш тизимидан 7 нафар, қурилиш соҳасидан 5 нафар шахс судланган. Кўрилган жиноят ишлари бўйича жами 10 миллиард 912 миллион 789 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланиб, 9 миллиард 486 миллион сўм зарар дастлабки тергов давомида, 702 миллион сўми суд давомида ундирилган.

Бу рақамлар ҳали фақатгина ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар томонидан аниқлангани. Аниқланмагани қанча?

Шунингдек, яқинда давлат дастурида белгиланган объектлар қурилиши билан боғлиқ қонунбузилишлар юзасидан вилоят прокурорининг мақоласи ҳам эълон қилинди. Мақоладаги ушбу рақамларга эътибор беринг: “Пайариқ туманидаги 59-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш бўйича “Сам кадастр” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларида қурилиш хомашёлари ошириб кўрсатилиши натижасида объект қиймати сунъий  равишда 119,7 миллион сўмга кўпайган бўлса, Ургут туманидаги 121-мактабнинг 145 миллион сўм, 81-мактабда 47 миллион сўм ва Каттақўрғон шаҳридаги 11-мактабни реконструкция қилиш объекти сметасида материал харажатларига 206 миллион сўм ортиқча харажатлар кўрсатилганлиги аниқланди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида “Qobil Quruvchi Servis” МЧЖ томонидан Паст Дарғом туманидаги 21-мактабда олиб борилган қурилиш-монтаж ишлари давомида 587,2 миллион сўмлик маблағ талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланиб, етказилган зарар тўлиқ ундирилди”.

Эътибор беряпсизми, қурилишидан тортиб, таълим жараёнигача коррупцияга аралашиб кетган. Атиги биттагина мактаб қурилишида 587 миллион сўм маблағнинг талон-торож қилинганлигини эшитиб, юрагинг орқага тортиб кетади! Бу жиноят ҳар қандай жиноятнинг оғири эмасми?

Соғлиқни сақлаш, молия ва бошқа соҳалардаги коррупцион ҳолатларнинг илдизлари қаерга бориб тақалади?

 Иложсизлик ёки қўрқув

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, коррупцияга қарши курашишнинг бир нечта турлари мавжуд. Бири - коррупция содир бўлгунга қадар, унинг олдини олишга бўлган уринишлар, шунингдек, коррупцион ҳолат содир бўлгандан кейинги жараён. Коррупциянинг олдини олишга қаратилган усуллардан бирида давлат қонунчилик тизими ёки ҳукумат иқтисодиёт, бизнес соҳаларида коррупцияга йўл қўймаслик чораларини кўради. Иккинчи усулда эса коррупцион жиноятларга жазонинг энг юқори даражалари қўлланилади.

Турли давлатлар коррупцияга қарши курашда ўзлари танлаган усулдан фойдаланишган. Мисол учун, Нидерландияда ички ишлар вазири коррупция ҳолатларини аниқлаш юзасидан ҳисобот юритади. Коррупция келиб чиқишининг манбалари мониторинг қилинади. Асосий жазо – давлат органлари тизимида ишлаш тақиқланади ҳамда ижтимоий кафолатлар, дейлик, пенсиядан маҳрум этилади. Амалдор томонидан содир этилган коррупция ҳолатлари рўйхатдан ўтказилади. Оммавий ахборот воситалари суриштируви амалга оширилади.

 Коррупция рағбат билан бостирилади

Баъзи давлатларда коррупцияга барҳам бериш давлат сиёсати даржасигача кўтарилган.

Сингапур вазир ва судьяларнинг ойлик маошини кескин кўтарди. Бу давлатда юқори мансабга эришиш жуда мураккаб, шунинг учун улар пора олишдан қўрқади. Агар шундай ҳолат содир бўлса, улар фақатгина мансаби, юқори маошидан эмас, барча ижтимоий кафолатлардан ҳам айрилади.

Нидерландияда эса коррупция жазо билан эмас, аксинча, сийлов билан бостирилади. Коррупцияга аралашмаган ёки бошқа амалдорларнинг коррупцион ҳолатларини аниқлаб берган давлат хизматчилари жуда юқори миқдордаги маблағлар билан мукофотланади.

 Бюрократиядан воз кечиш

Жанубий Кореяда бюрократик режимдан воз кечиш, давлат тузилмалари ислоҳоти коррупция даражасининг пасайишига олиб келди. Мажбурий тасдиқлов, у ёки бу фаолиятни лицензиялаш каби қатор масалаларда амалдорлар билан алоқа кескин чекланди. 17 йилдирки, ушбу давлатда OPEN номли кузатув тизими ишлаб, ҳар қандай фуқарога коррупция ҳолати бўйича онлайн мурожаат этиш имкони берилган. Ушбу мурожаатнинг натижасини ҳам онлайн назорат қилиш имкони мавжуд бўлиб, ҳар бир мурожаат ўрганилиши қатъий белгиланган.

Кореянинг “Коррупция ҳақида”ги қонуни дунё миқёсида энг самарали, деб топилган. Ушбу қонунга кўра, бу мамлакатда вояга етган ҳар бир фуқаро пора олиш факти бўйича суриштирув ўтказиш имконига эга бўлиб, Кореянинг антикоррупция агентлиги уни тўла қўллаб-қувватлайди.

 Жазолар

Мазкур жиноятга жазонинг энг шафқатсизи Хитойда - пора учун қамоқ ёки ўлим жазоси қўлланилади. Кейинги ўн йилликларда минглаб хитойлик амалдорлар шу тариқа ҳаёт билан видолашган. Хитойда амалдорларни пора олиш ва беришдан қайтариш бўйича оммавий дастурлар ишлайди. Масалан, юқори даражали амалдорлар пора билан қўлга тушган собиқ ҳамкасбларини кўриш учун  қамоқхоналарга ташриф буюриши ташкиллаштирилади. Болаларга эса ўғирликнинг зарари бўйича бошланғич синфданоқ маълумот берилади.

Сингапурда эса “коррупциялашиш презумпцияси” тушунчаси киритилган бўлиб, порахўрликда айбланаётган мансабдор шахс бунинг аксини исботламагунга қадар айбдор саналади. Бу каби қатъий чоралар Сингапурни коррупция энг паст даражада бўлган давлатлар қаторига киритди.

Яқин Шарқ давлатлари, хусусан, Саудия Арабистони, Бирлашган араб амирликларида шариат қоидалари амалда бўлиб, ушбу давлатларда порахўрлик ўғирлик билан баробар талқин этилади. Ушбу жиноятга қўл урган мансабдорларнинг қўли кесилади.

 Мамлакатимизда…

Бугун коррупцион ҳолатлар бизни ташвишга солаётган бўлса-да, мамлакатимизда бу ҳолатларга барҳам берилиши йўлида ўзига хос ишлар ҳам олиб борилаётир. Юзлаб давлат хизматларининг битта идорада амалга оширилишидан бошлаб, давлат бошқарув идораларининг очиқлигини таъминлаш (бошқарув идоралари фаолияти, статистик маълумотлар барча учун очиқлиги), Кенгашларда коррупция билан боғлиқ ҳисоботлар тақдим этилиши ҳам соҳадаги муҳим силжиш, деб айтиш мумкин.

Қолаверса, шу йил Президентимиз томонидан "Давлат бошқаруви соҳасидаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор имзоланди. Унга кўра, давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган қарорга асосан “Е-Антикоррупция”, “E-Anticor.uz” платформаларини ишга тушириш, давлат идоралари фаолиятида инсон омилини қисқартириш, тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш белгиланган.

Кадрлар билан ишлаш йўналишидаги бюрократик тўсиқлар, коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартириш мақсадида 2023 йил 1 январга қадар автоматлаштирилган тизим жорий этилади. Унда вакант лавозимларни эълон қилиш, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

Шу каби қатор ўзгаришлар секин-асталик билан бўлса-да, мамлакатимизда коррупциянинг йўқолишига умид уйғотади. 

 

21 фоиз иштирокчи пора билан ишга кирганини тан олди

Яқинда Zarnews.uz сайтимизда “У ёки бу ташкилотга ишга жойлашиш учун пул (пора) беришга мажбур бўлганмисиз? Агар шундай бўлса, бу қанча миқдорни ташкил этган?” деган саволлар билан ўқувчиларимизга мурожаат қилдик. Қувонарлиси, сўровда иштирок этганларнинг 54 фоизи билимим билан ишга жойлашганман, деган жавобни берди. Аммо 13 фоизи 2-5 миллион сўмгача, 8 фоизи 10-50 миллион сўмгача пора берганман, деб тан олгани кишини ташвишга қўяди. Иштирокчиларнинг 6 фоизи бошқа хизмат айтилган, деган жавобда тўхталган бўлса, 20 фоизи таниш-билиш орқали ишга жойлашганман, деб тан олган. Мазкур кичик сўровда гарчи катта фоиз сўралганлар ўз билими билан ишга кирганини таъкидаган бўлса-да, аммо пора берганини тан олганлар ҳам кам эмас.

 Жамоатчилик назоратини кучайтириш натижалари

Олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда, ҳар бир раҳбар ўз тизимида коррупция йўқ, дея оладиган даражада ҳисобот бериши лозим, бизнингча. Шу кунга қадар вилоятда бу гапни бир неча марта Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори таъкидлаб ўтди. Матбуот анжуманларида, қолаверса, оммавий ахборот воситаларидаги ўз чиқишларида ҳам.

– Институт ташкил этилганидан буён шу иллатга қарши курашдик, лекин осон бўлган эмас, – дейди шундай чиқишларидан бирида университет ректори Худойназар Юнусов. – Бир неча гуруҳлар, янгича ишлашни истамайдиган, эскича фикрлайдиган ўқитувчилар бор эди. Уларни тўғри йўлга бошладик, тамагирликка чек қўйишга чақирдик. Буни истамаганлар билан хайрлашдик. Талабни кучайтирдик, ўқитувчи беш-олти йил ассистент бўлиб юрмайди. Марҳамат, уч йилда илмий ишини тайёрласин, ёқласин ва унвонли, лавозимли ўқитувчи сифатида юқори маош олсин.

Яқинда бир ўқитувчи хонамга йиғлаб келди, талабалар дарс ўтишидан қониқмабди, кафедрага мурожаат қилиб, бошқа ўқитувчи тайинлашларини сўрашибди. Албатта, ўқитувчига ачиндим, ўз устида ишлаши кераклигини тушунтирдим, лекин бир томондан талабаларнинг фаоллигидан, фанга бефарқ бўлмаганидан хурсанд ҳам бўлдим.

 Нега бирорта раҳбар тизимдаги коррупциядан уялмайди?

Хўш, яна ким шундай чиқиш қилишга журъат қилолди? Афсуски, бугун йирик коррупция ҳолатлари ошкор этилгандаям ўша тизимнинг бирорта раҳбари ўз ташаббуси билан истеъфо бермаяпти. Ҳатто йирик порахўрлик факти ошкор этилгандаям “Мен раҳбарлик қилаётган тизимда шундай ҳолат рўй берибди, демак, яхши ишлай олмадим”, дея ишдан бўшаган раҳбар ҳақида ҳозирча эшитганимиз йўқ. Аксинча, унга соҳангизда порахўрлик бор, десангиз, жазаваси тутади. Ҳолатни ўрганиш ўрнига ўзини оқлашга тушади.

Аслида ҳар бир соҳа ўз тизимида коррупцияга қарши курашиш йўлларини ишлаб чиқиши ва бунинг натижалари бўйича аҳолига ҳисобот бериши лозим. Зеро, бу вазифа коррупцияга қарши кураш миллий кенгаши вилоят бўлими иш режасида ҳам бор.

“Биз коррупцияни енгдик”, дея аввало, вилоят ташкилотлари раҳбарлари челленж билан чиқиши лозим. Табиийки, буни хомхаёл деб эмас, балки ўз тизимида коррупцияга қарши тизимли курашиш, мавжуд тўсиқларни ошкор этиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг натижаси сифатида кўришни истардик.

 Гулруҳ Мўминова.