Менга соврин муҳим эмас!

Яқинда «Жамият» ижтимоий-сиёсий газетасининг «bong.uz» сайти ишга тушди. Ҳамкасбларимнинг тезкорлиги, мақолалар салмоғи ортаётганидан хурсанд бўлдим. Ижтимоий тармоқлар орқали энг кўп улашган ҳам ўзим бўлсам керак. Чунки бугунги кунда сайт ташкил этиб, уни танитиш осон иш эмас. Буни ҳамкасбларимиз яхши билишади. Лекин ижтимоий тармоқлардаги ҳамкасбларимиз орасида «Жамият» газетаси қанча таниш бўлса, сайтнинг ҳам оммалашиши, назаримда, тезлашди. Бир неча кун ўтмай сайт ўзининг биринчи танловини эълон қилди. Юз минг сўм пул ғолибга! Танлов шартларини бажариб, дўстларимга улашдим (поделиться қилдим). Шу кунларда ҳам вертуал, ҳам ҳаётдаги дўстларимдан бирини учратиб қолдим. Гапдан гап чиқиб, ижтимоий тармоқларда фаоллигимдан гапирди. Касбимиз тақозоси эканини айтдим. Унинг кейинги гапи бошимдан муздек сув қуйгандек бўлди: «Юз минг сўм пул учун «поделиться» қилиб ўтирма!» Мен ҳам жойидан олдим. «Қимор ўйнаганим, ичимликнинг қопқоғидан соврин излаганим йўқ-ку!»

Мен танловда ғолиб бўлиш учун иштирок этмадим. Бу таҳририятда менинг қадрдонларим бор. Газета чиқариб, уни элга танитиш осон эмас. Айни пайтда ашаддий обуначилар ҳам мажбурий обуна мумкин эмас эмиш, деб биқиниб ўтиришган замонда. Менга қолса, ҳар бир инсонни нимадир ўқишга мажбурлар эдим. Қайсидир нашр аҳолининг қўлига етиб бориб, варақлаб кўрсин, ўқисин, мулоҳаза қилсин. (Энди бу алоҳида мавзу). Хуллас, танловга ишонмаганлар ишонмасин, қўшилмаганлар қўшилмасин. Лекин бугунги кунда нашрларнинг сайти ишлаб тургани яхши. Шу боисдан «Жомбой тонги» туман газетасини, «Дўстлик байроғи», «Зарафшон» каби вилоят нашрларини  бугун республикада  яхши билишади, танишади. Керак бўлса, муҳокама қилишади. Бунинг учун оғир карвон бўлиб, узоқни кўзлаб йўлга чиққан ютади.

Куни кеча сайт яна танлов эълон қилди. Табиийки турли муносабатлар бўлди. Менинг эса муносабатим шу: Менга соврин муҳим эмас, дўстларим афзалроқ. 

Манзура ШАМС.