“Менки булбулдек гулидин куймишам оҳанг ила”
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳарбий, сиёсий, ижтимоий соҳадаги фаолияти, шунингдек, ўзининг реалистик тасвирга тўйинган лирик ва эпик асарлари билан ўз даври ва ўзидан кейин бир қанча ижодкорларга адабий таъсир кўрсата олди ва Ҳиндистонда туркий тилдаги адабиётнинг вужудга келишига тамал тошини қўйди. Бу адабий муҳитнинг ривожланиши, гуллаб-яшнашида бобурий ҳукмдорларнинг ўрни беқиёс. Ана шу ҳукмдорлардан бири Носириддин Муҳаммад Ҳумоюндир (1508-1556).
Ҳиндистонда XVI аср иккинчи чорагидаги адабий муҳит ривожи бевосита Ҳумоюн Мирзонинг ҳукмронлиги ва илм-фан, санъат, адабиётга ҳомийлигининг натижаси эди. У Ҳиндистонда бобурийлар адабий муҳитининг ривожланишига катта ҳисса қўшган давлат арбоби бўлибгина қолмай, шоир, бобурийлар миниатюра мактабининг асосчиси ҳам эди. Ҳумоюн Мирзо отаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур бошлаб берган анъаналарга алоҳида эътибор қаратди. Натижада Ҳиндистонга келиб ижод қилишга ҳаракат қилаётган адиб ва санъаткорлар сафи борган сари кенгайиб борди. Бу ҳақда Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома”, Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр”, Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий”, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб”, Фахрий Ҳиравийнинг “Равзат ус-салотин”, Содиқ Китобдорнинг “Мажмаъ ул-ҳавос”, Сейди Али Раиснинг “Миръотул мамолик” каби асарларида алоҳида маълумотлар берилган.
Мазкур манбалардаги маълумотларга кўра, Ҳумоюн Мирзо фан, маданият, адабиётга ихлосманд, айниқса, риёзиёт ва нужум илмига ғоят қизиқувчан, китобга ошно, мусиқани қадрловчи инсон бўлган. Содиқ Китобдорнинг “Мажмаъ ул-ҳавос” асарида ёзилишича, Ҳумоюн ниҳоятда саховатпеша, кутубхонага алоҳида эътибор қаратган маърифатли ҳукумдор бўлган. Ҳаттоки, унинг тасодифий ўлими ҳам кутубхонада содир бўлган. У ўзи қурдирган «Дини паноҳ» кутубхонаси зинасидан тушиб келаётганда йиқилиб вафот этади.
“Нусхаи зебойи Жаҳонгир” номли тазкирада ёзилишича, Ҳумоюн Мирзо “Нусхаи Ҳумоюний” номли асар яратган. Мазкур асарнинг қўлёзмасида Ҳумоюннинг тўрт рисоласи ўрин олган: 1) ислом ақидалари ҳақида; 2) илми нужум ҳақида; 3) мусиқий илм ҳақида; 4) шеър илми, аруз фани ҳақида. Тазкиранавис Мутрубий Самарқандий мазкур асарни (“Нусхаи Ҳумоюний”ни) Абдуллахон кутубхонасида кўрганини ва асар муаллифнинг дастхатида битилган, тенги йўқ, кўнгилга ёқимли, ҳайратланарли асар эканлигини ёзиб қолдирган. Афсуски, ҳозирда бу асарнинг қўлёзмаси топилган эмас.
Шоир сифатида форсий ва туркийда “Ҳумоюн” тахаллусида ижод қилган. Унинг форсий ғазаллари фанга маълум бўлган 19 варақдан иборат, бир нотугал қўлёзмада ўрин олган. Бу қўлёзма Истанбул шаҳридаги Сулаймония кутубхонасининг “Ҳусайн Пошо” фондида 569 рақамда сақланади. Шунингдек, Абулфазлнинг “Акбарнома” асарида Ҳумоюннинг рубоийларидан намуналар берилган. Унинг туркий тилдаги шеърияти ҳақида эса мунозарали фикрлар бор. Ҳиндистонлик олим М.Ғанининг маълумотига кўра, “Ҳумоюн туркийни назар-писанд қилмаганлиги учун бу тил тез орада ҳинд адабий давраларида ўз ўрнини йўқота бошлаган”. Олим ушбу фикрларни қандай илмий асосга таяниб билдирмоқда, бу фикрлар қай даражада ҳақиқатга яқин, бу – бизга номаълум. Ҳолбуки, бир неча тарихий манбалардаги маълумотлар олимнинг фикрларини рад этади. Жумладан, Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб” асарида Ҳумоюн Мирзонинг туркийда битилган бир байти келтирилган ва бу ҳақда шундай ёзилган: “Ва бу туркий матлаъ ҳам подшоҳнинг олий мақолотидандир. Матлаъ:
Менки булбулдек гулидин куймишам оҳанг ила,
Ўт солибтур жонима рухсораи гулранг ила”.
Шунингдек, Содиқ Китобдорнинг “Мажмаъ ул-ҳавос” асарида унинг туркий тилда ёзилган қуйидаги икки байти ўз даврида ниҳоятда кенг тарқалган ва машҳур бўлганлиги таъкидланган:
Ғариблиғ ғамидин меҳнату малолим бор,
Бу ғамдин ўлмакка етдим ғариб ҳолим бор,
Висоли давлатидин айрилибмен маҳзун,
Тирикмену бу тирикликдин инфиолим бор.
Яна бир манба муаллифи Сом Мирзонинг ёзишича, “Ҳумоюн туркийда ҳам жуда нозик дид билан ашъор ёзган”. Шундай экан, Ҳумоюннинг туркийда ижод этмаганлиги ҳақидаги фикрлар асоссиздир.
Ҳумоюн Мирзо шеърларининг аксарияти ошиқона ва орифона мавзуда. Юқорида “Менки булбулдек гулидин куймишам оҳанг ила” мисраси билан бошланувчи туркий байтининг мазмуни ҳам айни ошиқона. Анъанавий мавзу (ишқ)нинг анъанавий образлар (булбул, гул) ёрдамида ёритилиши Ҳумоюн Мирзонинг мумтоз анъаналарга қай даражада издошлигини кўрсатади. Бу жиҳатдан унинг форсий тилда битилган, бу ўринда ўзбек тилидаги таржимаси берилаётган “Бир боқдиму боз ташнайи дийдор бўлдим”, “Бир пари рухсорага тушди ишим” мисралари билан бошланувчи икки ғазали ҳам айни шу мавзуда битилган гўзал намуналардандир.
Шоир ғурбат, ғариблик мавзусига алоҳида эътибор қаратган. Содиқ Китобдорнинг “Мажмаъ ул-ҳавос” асари орқали бизга маълум бўлган, туркий тилда ёзилган “Ғариблиғ ғамидин меҳнату малолим бор” мисраси билан бошланувчи юқорида келтирилган тўртлиги айни шу мазмунда. Мазкур тўртлик услуб жиҳатдан содда, равон. Маълумки, ғариблик мавзуси ўзбек адабиётида янгилик эмас. Навоийнинг “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш”, Бобурнинг “Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши” мисраси билан бошланувчи рубоийлари ҳам айни ижтимоий мавзуга тааллуқли: ғариблик ҳақида. Лекин Ҳумоюн Мирзо мисралари ҳар иккала устоз ижодкор мисраларидан фарқлироқ. Чунки ҳазрат Навоий ва Бобур рубоийларида ғурбатдаги (мусофирликдаги) ғариб (бечора, беватан, кимсасиз киши)нинг аҳволи тасвирланса, Ҳумоюн Мирзонинг ғариблик аҳволи орифона руҳда, яъни Маъшуқнинг “Висоли давлатидин” айрилганлигига боғлиқ. Ҳумоюн Мирзо лирик қаҳрамони ғариблик (бечора ва ҳолсизлик) ғамидан азоб-уқубатга тўлган, ҳатто шу ғамдан ўлим остонасига келиб қолган. Бунга сабаб Ёр висолидан айрилиши. Шунда ҳам ошиқ тирик, лекин бу тирикликдан у хижолатда.
Ҳумоюн Мирзонинг бизга маълум форсий шеърларининг каттагина қисми ҳам диний, орифона мазмунда. Жумладан, “Ё Раб, менга дарвеш дилидин эҳсон бер”, “Мен ҳечману йўқ менда магар рутбаю ном,” мисралари билан бошланувчи икки рубоийсида ижодкорнинг Яратган Ҳаққа мурожаати, унга бандалик тазарруъси сезилса, қуйидаги икки рубоийсида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) алайҳиссалом таърифи берилган, тавсифланган:
Султони сариру анбиё ҳам сен Ўзинг,
Хуршиди сипеҳри авлиё ҳам сен Ўзинг.
Мардум ҳама пайрави тарийқинг, не ажаб,
Халқ шаррига гоҳи раҳнамо ҳам сен Ўзинг.
Яна бир рубоий:
Эй сарвари коинот, эй асли вужуд,
Ҳаққоки, ўзинг ҳабибу ҳаййу маъбуд.
Тургил-да, жамоли оламоро кўрсат,
Олам элига баски ўзингсен мақсуд.
Бу эса Ҳумоюн Мирзо эътиқодининг ўзига хос тасвиридир. Агар биз рубоийнинг жанрий хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашсак, унда ҳаётий, фалсафий, диний-тасаввуфий умумлашмаларнинг берилиши табиий. Бу эса Ҳумоюн Мирзонинг ижодкорлик маҳорати, шоирлик иқтидори қай даражада эканлигини кўрсатади.
Кўринадики, бобурийзода ҳукмдор, шоир Ҳумоюн Мирзо ўзининг ҳукмронлик ва ижодкорлик фаолияти давомида Бобур томонидан Ҳиндистонда вужудга келган адабий муҳитнинг ривожига катта ҳисса қўшгани ҳолда ана шу адабий муҳитнинг зуллисонайн вакили сифатида форсий ва туркий тилда ижод қилди, ҳар икки тилда бир-бирини тўлдирувчи, ижодкорлик маҳоратини очиб берувчи ғазал ва рубоийларни мерос қилиб қолдирди. Гарчи, унинг туркий тилдаги шеърияти бизга деярли етиб келмаган бўлса-да, мавжуд адабий матнлар ва тарихий манбалардаги маълумотлар асосида шоирнинг бу тилда ҳам худди форсийдагидек маҳорат билан ижод этганини дадил айтишимиз мумкин. Шунингдек, ижодкор адабий мероси қўлёзмаларининг мамлакатимиз ва хорижий сарҳадлардан топилиши, тадқиқ этилиши келажакда амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифалардандир.
Гулсанам Холиқулова,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети докторанти.