МИБ қидирувидаги шахсдан ғаройиб савол: “Қор ёққанда ҳам қидирасизларми?”
МИБнинг Паст Дарғом туман бўлими иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича Нуробод тумани судининг қарорига асосан қарздор А.Б.дан ундирувчи Д.Х. фойдасига тўрт нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иккидан бир қисми микдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Бюронинг вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси инспектори Обид Аблақуловга кўра, анчадан буён алиментдан қарзини тўламаган фуқаронинг қарзи 30 млн. сўмдан ошиб кетган, бунинг устига у номаълум ҳудудда яшаб келган. Шу боис, бошқарманинг қидирув бўлими томонидан унга нисбатан қидирув ҳаракатлари олиб борилган.
Тезкор қидирув тадбирлари давомида қарздор А.Б. Паст Дарғом туманидаги Қўшчинор маҳалласи яқинидаги нотурар бўлган бинода вақтинчалик жойлашганлиги аниқланиб, ушланган.
Қарздорнинг ходимга берган биринчи саволи “Қор ёққанда ҳам қидирасизларми?”.
Ушбу қидирувдаги шахс ўз фарзандлари таъминотидан қочганлиги сабабли, муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-(4)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 122-(1)-моддасига асосан қамоқ жазоси билан жавобгарликка тортилган бўлса-да, ўзига тўғри хулоса чиқармаган. Энди уни янада оғирлаштирувчи жазо чораси кутмоқда.