МИБ Тойлоқ тумани бўлимида “дам еб ётган” ҳужжат ижросини ким таъминлайди?

Ўтган йили Миллий гвардия батальон командири Ш.Норбоев хизмат машинасида ўғлим бошқараётган автомашина билан тўқнашув содир этди. Оқибатда “Дамас” автомобилимиз яроқсиз аҳволга келди, у ҳам майли, ўғлимнинг оёғи етти жойидан синди.

Ҳеч кимга ҳеч нарса даъво қилмадим. Темир-терсакка айланган машинани сув текинга сотиб, ундан қутулдим. Ўғлимни даволатдим. Аммо маст ҳолатида хизмат машинасини бошқариб, бир йигитга жиддий жароҳат етказган миллий гвардия ходими ақалли бир марта ўғлимдан хабар олмади. Ўшанда унинг бу қадар субутсизлиги, беорлигига эътибор қилмагандим.

Негаки, ишни атрофлича кўриб чиққан ҳарбий суд ўғлимнинг фойдасига 2 миллион сўм, даволатиш харажатларимни ҳисоблаб, менинг фойдамга 23 миллион 53 минг 271 сўм ундириш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Майли, деб шунисига ҳам рози бўлдим. Аммо энг катта сарсонгарчилик, бош оғриғи шундан сўнг бошланди. Чунки, ўғлимни даволатиш учун бор-будимни сотиб бўлганман. Ҳали олдинда яна муолажалар олиши керак. Лекин, Мажбурий ижро бюросининг "ўйин"ларидан бошим қотган.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, жорий йилнинг 29 февралида келиб тушган суд ҳукмини бугунги кунгача ҳам ижро қилмаслик мумкинми?!

Менинг фойдамга ундириладиган зарар билан боғлиқ ишни юритаётган ижрочини алмаштириш бўйича Мажбурий ижро бюросининг Тойлоқ тумани бўлимига икки марта мурожаат қилдим. На жавоб бор, на натижа.

Мазкур ҳолат бўйича zarnews.uz каналига мурожаат қилдим. МИБчилар қисқа вақт ичида жавоб хати беришди:  “...хатланганда қарздор Шерзод Норбоевнинг номида мол-мулк аниқланмади. Қарзни ундириш Ш.Норбоевнинг иш ҳақига қаратилган.”

Ҳай, отасига раҳмат, деворгинг келади, шу жавоб хатини ёзган масъулга. Негаки, Ш.Норбоев миллий гвардия сафидан ҳайдалгунча нега хатлов ўтказиб, қарзни ундиришни унинг иш ҳақига қаратмадинг?! Ҳайдалгунча қаратмабсан, ишдан кетаётганида якуний ҳисоб-китоб қилинган суммадан “ушлаб қолишга” ҳафсала қилишинг учун ким тўсқинлик қилди?” деган саволлар туғилади.

Алдагани бола яхши, деган мақолни МИБчилар фаолиятининг мезонига айлантириб олганми, дейман?! Аксинча бўлганда “фермер хўжалигида ишлаётган экан, қарзни ундириш унинг иш ҳақига қаратилди”, деган ўзлари ҳам ишонмайдиган жавобни беришмасди.

Жавобни-ку, боплаб берибсизлар, хўп. Ҳурматли МИБ ходимлари, қани айтинглар-чи, Ш.Норбоевдан Миллий гвардия вилоят қўриқлаш бошқармаси фойдасига ундириладиган салкам 7 миллион сўмлик қарз ҳам “дам еб ётибди”ми?!

Ҳаммаси майли, кунда-кунора турли ижтимоий тармоқларда алиментдан қарзини тўламаган оталарга маъмурий иш очиб, уларни қаматаётганларинг тўғрисида хабарлар бериб турибсизлар. Бу қайсидир маънода яхшидир. Аммо сизларга навбатдаги савол - нега мени ўғлимни майиб қилган Ш.Норбоевга маъмурий иш очмайсизлар?

Сўнгги ўтинчим, менинг ҳолатимга ўзларингизни қўйиб кўринглар!

Арзимурод ФАЙЗИЕВ,

Ургут тумани.