МИБга тушаётган мурожаатларнинг қарийб 64 фоизи алимент ундирувлари билан боғлиқ
Матбуот уйида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан суд ҳужжатларини ижро этиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, шунингдек, мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган анжуман ўтказилди.
Унда бошқарма бошлиғи Алишер Закиров шу йилнинг ўтган 11 ойи давомида вилоятда амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган 11 ойида жами 272 мингга яқин ижро ҳужжатлари юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, улар бўйича ижрога қаратилган мажбурий мулкий ундирувларнинг умумий суммаси 2 триллион 230 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилган.
Ушбу даврда амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари самарасида 1 триллион 308 миллиард 659 миллион сўмлик 168 минг 610 та ижро ҳужжати бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, амалда ундирилган тўлов ва қарздорликлар миқдори 706,6 миллиард сўмни ташкил қилади.
Қолдиқдаги 921 миллиард 705 миллион сўмлик 103 минг 88 та ижро ҳужжатлари бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.
- Бошқарма томонидан алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий тўловларни ундириб бориш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда, - дейди А.Зокиров. - Хусусан, 2020 йил 1 декабрь ҳолатига бошқарманинг шаҳар ва туман бўлимлари иш юритувида 28 минг 990 та ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, улар юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Келиб тушган жами 17 067 та мурожаатларнинг 10 882 таси ёки 63,7 фоизини алимент ундирувлари билан боғлиқ мурожаатлар ташкил қилган.
Ўтган 11 ойда келиб тушган алимент ундирувлари билан боғлиқ 10882 та мурожаатларнинг 5870 таси қаноатлантирилиб, алимент олувчиларга қарздорлардан 14,4 миллиард сўм маблағлар ундириб берилди. Сурункали равишда алимент тўловларидан бўйин товлаб келган 427 та қарздорлар маъмурий, 26 таси эса жиноий жавобгарликка тортилган.