Мигрантлар: Ўрта ер денгизидаги янги фожиа

Ўтган ҳафтада Ўрта ер денгизи орқали ўтишга уринган ва чўкиб кетган муҳожирларнинг тахминий сони аниқланди.

Фожиа бир неча кун олдин, омон қолган одамларни «Вос Тритон» савдо кемаси қутқариб олганида маълум бўлди. Фожиа гувоҳларининг кўрсатмаларига кўра, улар Ливиядан жўнаб кетишгач, бир неча соатдан кейин қайиққа сув тўла бошлаган.

"Улар пайшанба куни Ливия қирғоғини тарк этишди. Қайиқда камида 120 киши бўлган. Муаммолар деярли шу заҳотиёқ юзага келган. Йўловчилар жуда кўп эди. Одамлар денгизга қулай бошлади. Аввал олти киши денгизга ғарқ бўлди. Икки киши узоқдаги кемани кўриб, нажот илинжида сувга ўзини отди, улар ҳам чўкиб кетди. Ҳозирда 41 киши бедарак йўқолган. Фақат битта жасад топилди. Одамлар "Вос Тритон" бошчилигидаги савдо кемаси экипажи томонидан олиб борилган қутқарув операцияси пайтида йўқолди», дея воқеага изоҳ берди БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги вакили Карлотта Сами.

Ушбу воқеа шу йилнинг ўзидаёқ Ўрта ер денгизи орқали Европага боришга уринишдаги фожиали якун топган иккинчи ҳодисадир. Бу йўналиш қочқинлар учун энг хавфли ҳисобланади.

БМТнинг статистик маълумотига кўра, етти йил давомида Ўрта ер денгизида 20 мингдан ортиқ мигрант чўкиб кетган.

Г.Холдорова тайёрлади.