Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эрон АҚШ туфайли Ўрта ер денгизини ёпмоқчи

Агар АҚШ ва унинг ҳамкорлари Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни тўхтатмаса, Ўрта ер денгизи тўсиб қўйилади.

Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони ўринбосари, генерал Муҳаммад Ризо Нағдий маълум қилди.

"АҚШ ва унинг иттифоқчилари Ғазо секторида содир этган жиноятлар давом этса, улар янги қаршилик кучларининг пайдо бўлишини ва улар учун ҳали ҳам мавжуд бўлган сув йўлларининг ёпилишини кўришади. Кеча Форс кўрфази ва бўғози, Ҳурмуз кўрфази, бугун бу Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози улар учун даҳшатли туш эди, улар тез орада Ўртаер денгизи, Гибралтар ва бошқа сув йўлларининг ёпилишини кўришади”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради Тасним агентлиги.

Нағди Ўрта ер денгизи блокадаси аниқ қандай амалга оширилишига аниқлик киритмади, чунки Эроннинг ўзи унга кириш имконига эга эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ғазода ўт очишни тўхтатишга қарши чиқиб, Исроилни ҲАМАС ҳаракати тўлиқ таслим бўлгунига қадар ҳарбий чоралар кўришга чақирган эди. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Россия томонидан БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига Ғазо секторида яратилган гуманитар фалокат туфайли ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилувчи ўзгартириш киритишга тўсқинлик қилган.

Шу тариқа, Фаластин томони жорий йилнинг 7 октябрида можаро авж олгандан бери 20 мингдан ортиқ одам Исроил зарбалари қурбонига айланганини маълум қилган.