Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари раҳбарлари “Зарафшон” миллий табиат боғига келди
Республика давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси томонидан “Зарафшон” миллий табиат боғида республика кўргазмали семинари ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, ўрмон фонди ерларида доривор маҳсулотлар етиштириш, овчилик, экотуризм йўналишларида олинаётган даромадларни кўпайтириш, бу борада “Зарафшон” миллий табиат боғида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ҳудудларидаги миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари раҳбарлари қатнашди.
Иштирокчиларга дастлаб мазкур боғда экотуризмни ривожлантириш, табиатнинг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, кўпайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
– Боғнинг умумий майдони 2426,4 гектарни ташкил қилиб, унинг 1772 гектари қўриқ бўлими ҳисобланади, – дейди “Зарафшон” миллий табиат боғи директори Олим Ҳамроқулов. – Дам олиш ҳудуди 352 гектарни ташкил қилади. Бу ҳудудда учта туристик йўналиш ташкил қилинган. Биринчи йўналишда Зарафшон тилларанг қирғовули ва қушларни кузатиш мумкин. Иккинчи йўналишда эса Бухоро хонгули буғулари билан танишиш кўзда тутилган. Ҳозирда учинчи йўналиш боғнинг бетакрор ўсимлик дунёси, табиий ландшафти билан боғлиқ.
Боғда сут эмизувчиларнинг 24 тури, қушларнинг 207 тури, балиқларнинг 18 тури, судралиб юрувчиларнинг 10 тури, ҳашоратларнинг 88 тури мавжуд. Ўсимликларнинг 300 тури учрайди. Уларнинг 80 тури доривор, 20 тури декоратив, 23 тури саноат учун мўлжалланган. Боғдаги мавжуд Зарафшон қирғовули, Ўрта Осиё қундузи ва Бухоро хонгули буғуси “Қизил китоби”га ҳамда халқаро “Қизил китоб”га киритилган.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2020 йилда боғ ҳудудида дам олиш маркази ташкил этиш бўйича ишлар бошланган. Бунинг учун 20 гектар майдон 26 нафар тадбиркорларга ижарага берилган. Ҳозирда бу жойларда тасдиқланган лойиҳалар асосида тадбиркорлар томонидан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар келиб, боғнинг бетакрор манзараларидан баҳраманд бўлишлари, ҳордиқ чиқаришлари учун имконият яратилмоқда.
Боғнинг сайёҳлик имкониятларини ошириш мақсадида ҳудудда ҳайвонот боғи ҳам ташкил этилмоқда.
– Ҳозирча ҳайвонот боғимизда лама, кўп шохли Ҳиндистон эчкиси, оққуш, товус, қирғовул, бўри, тулки, шер, жайра каби 48 турдаги қуш ва ҳайвонлар бор, – дейди “Зарафшон” миллий табиат боғи илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Бахтиёр Ражабов. – Қурилиш ишлари давом этаётгани сабабли айни пайтда айрим ҳайвонлар махсус қафасларда сақланмоқда. Яқин орада 2 гектар майдонда уларнинг ҳар бири учун махсус жойлар ташкил қилинади. Бухоро хонгули ва бошқа ноёб ҳайвонлар, қушлар, ўсимликларни табиий шароитда кузатиш ва томоша қилиш учун имконият яратилади. Бугун ҳам ҳайвонот боғимизга келувчилар кўпайиб бормоқда. Боғ тўлиқ ишга тушгач, ҳайвонлар сонини 70 турдан оширишни режалаштирганмиз.
Семинарда Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси бошлиғи О.Тошев ва бошқа масъуллар Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган ҳар бир вазифани ўз вақтида, сифатли бажариш ва шу орқали соҳа рентабеллигини ошириш, хўжаликлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларга тўхталди. Ҳар бир боғ ва овчилик хўжаликларида туристик йўналишдаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, доривор ўсимликларни парваришлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ ва тавсиялар берилди.
– “Зарафшон” миллий боғида дам олиш масканлари ва ҳайвонот боғи ташкил этилаётгани яхши тажриба экан, – дейди Бухоро вилояти “Қоракўл” давлат ўрмон-ов хўжалиги раҳбари Рустам Олтиев. – Ҳамкасбларимиз ва тадбиркорлар билан гаплашиб, бу ишни ўзимизда ҳам йўлга қўйишни кўнглимизга тугдик. Бизда ноёб жайронлар кузатиш ва тўқай ўрмонзорларда сайр қилиш бўйича туристик йўналиш ташкил этиш мумкин. Семинар шу жиҳатдан фойдали бўлди.
Тадбирда миллий боғ ва овчилик хўжаликларида ёнғин ва турли фавқулодда ҳолатлар, шунингдек, қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгиланди.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов.
P/S. Куни кеча “Зарафшон” миллий табиат боғида “Қизил китоб”га киритилган Бухоро хонгули буғусининг отиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Самарқанд вилояти прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан Жомбой туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Жомбой тумани ИИБ тергов бўлимига юборилганини маълум қилганди. Шунингдек, кеча Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳам ўз муносабатини билдирганди.
Ушбу масала бўйича боғ раҳбари О.Ҳамроқуловдан изоҳ сўраганимизда у мазкур ҳолат тегишли органлар томонидан ўрганилаётгани, шунингдек, махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, вазият таҳлил қилинаётгани, якунлар бўйича албатта, маълумот берилишини айтди.