Миллий тилни қандай сақлаб қолиш мумкин?

Маълумотларга кўра, дунёда 6 мингдан ортиқ тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Бу кўрсаткич асосан кам сонли миллатлар тилида учрайди. Чунки бу тилларда сўзловчиларнинг айримлари ўз ёзувига эга бўлса, аксарияти бундан бебаҳра. Масалан, Африка тилларида сўзловчиларнинг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Шунинг учун ҳам бундай тиллар инқироз ёқасида.

 

Тилнинг йўқолиб кетишига асосий сабаб нима? 

Қачон тил йўқолади? Қачонки, она тили ўрганилмаса ва бошқа тил устунлик қилса. Маълумки, ҳозирда интернет тилининг 80 фоиздан ортиғи инглиз тилида. Шу сабабли юртимизда ҳам кейинги пайтда чет сўзларнинг кириб келиши анча кўпайди. Бу эса тилимиздаги сўзларнинг камайишига ва янги терминлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, "тренинг" сўзи инглизча "траининг" бўлиб, ўзбек тилида ўргатиш, тарбиялаш, машғулот, машқ қилдириш маъноларини билдиради. Тилда семинар-тренинг, ўқув-тренинг шаклида қўлланилади. Аммо бу сўз рус тили орқали "тренировка" тарзида ўзлашган ва спорт соҳасида қўлланилади.

Қаранг, тилда бир терминнинг пайдо бўлиши икки соҳада таъсирини кўрсатди ва ўзбек тилидаги сўзларнинг камроқ талаффуз қилинишига сабаб бўлди.

Катта камчилигимиз ҳам шунда. Тилимизда янги сўз ҳосил бўлиши билан эскисини унутамиз. Тилшунос олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Хўш, биз миллий тилни қандай сақлаб қоламиз? Бу ҳақда фикрлашишдан олдин сақлаб қолинган миллий тил ҳақида тўхталсам.

Навахо - Америка қитъасида энг кенг тарқалган маҳаллий тил. 2011-йилги ҳисоб-китобларга кўра, бу тилда сўзлашувчилар сони деярли 170 минг кишига етган.

Бир пайтлар бу тилда йўқолиш хавфи бор эди. Лекин Навахо халқи тилни ўргатиш учун турли дастурлар ишлаб чиқишди. Ҳозир ҳатто Навахо дарслари бўлган институтлар, коллежлар ва университетлар ҳам бор.

Ҳар хил турдаги оммавий ахборот воситалари Навахо тилига таржима қилинган. Бу тилда эфирга узатиладиган бир нечта радиостансиялар мавжуд.

Шу ўринда савол туғилади, биз миллий тилни асраш учун нима қиляпмиз?

Фикрим аввалида ўз ёзувига эга бўлмаган тиллар ҳақида гапиргандим. Ёзув масаласи энг катта камчиликларимиздан бири. Чунки бу борада 32 йилдан буён бир қарорга келмаганмиз.

Тўғри, кейинги йилларда бу борада қатор ишлар амалга оширилди. Аммо кутилган натижага эришилгани йўқ. Ёзувнинг ўзгариши билан сўзларнинг шакли ҳам, талаффузи ҳам ўзгариши ва айрим сўзлар йўқолишига сабаб бўлиши мумкин.

Бу каби муаммолар айтилгани билан амалда ҳал қилинмаса, муаммолигича қолаверади. БМТ экспертларининг фикрича, миллий тилни сақлаб қолиш учун она тилидан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак. Шунингдек, тилнинг миллий корпусини яртиш, реклама ва пешлавҳалардаги ёзувларни ўзбеклаштириш, терминлар луғатини кўпайтириш, миллий тилни сақловчи таржима дастурлари ишлаб чиқиш олдимизда турган муҳим вазифалардир. 

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.