Мини футбол: “Бошқaрмa бошлиғи кубоги” нурободликларга насиб этди

Самарқанд шаҳрида вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда вилоят ташкилотлари ходимлари ўртаси ўтказилган мини футбол бўйича “Бошқарма бошлиғи кубоги” турнирининг финал ўйинлари бўлиб ўтди.

15 кун давом этган мусобақанинг финал босқичида Жомбой, Нуробод, Тойлоқ, Пайариқ туманлари халқ таълими бўлимлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги 59- ва 60-махсус мактаб-интернатлари жамоалари беллашди.

Якуний баҳсда Нуробод ва Жомбой тумани халқ таълими бўлимларининг жамоалари ўзаро беллашди. Унда Нуробод тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритди ва “Бошқарма бошлиғи кубоги” совриндори бўлди.

Иккинчи ўрин Жомбой тумани халқ таълими бўлими ва учинчи ўрин 59-махсус мактаб-интернати жамоаларига насиб этди.

Биринчи ўринни қўлга киритган жамоа аъзоларига диплом ва эсдалик совғалар ҳамда вилоят касаба уюшмаси томонидан Хоразм вилоятига уч кунлик бепул саёҳат қилиш учун махсус сертификат топширилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.