Мирза Ориф Деггароний - Навоий вилоятидаги биздан кўра туркиялик қардошлар кўпроқ биладиган обида

Одатда бу вилоят ҳақида гап кетганда навқирон ҳудуд сифатида эътироф этилади. Бироқ мамлакатимиздаги энг қадимий обида Навоий вилоятида эканлигини кўпчилик билмаслиги тайин. Масжид имомининг айтишича, Нақшбандийнинг устози дафн этилган бу масканни яқинда туркиялик 100 кишилик сайёҳлар гуруҳи зиёрат қилган.

Ривоятларга қараганда, ҳазрат ҳаётлигида у яшаган Кармана туманидаги Хазора қишлоғига катта сел келган. Шунда у "Халққа офат зарар қилмасин, ундан кўра мени ол" деб сув йўлига чиққанида сел қишлоқни айланиб ўтган экан.

Валий зот - Мир Саййид кулолнинг севимли шогирди Деггароний номини бежизга олмаган. Чунки у гарчи катта илм соҳиби, қавм сардори бўлса-да қозон қуювчи ҳунари билан шуғулланган.

Бу авлиё жисми қўйилган жойдаги масжид ҳам алоҳида тарихга эга. Айтилишича, у юртимизга Ислом дини кириб келишидан олдин оташпарастларнинг ибодатхонаси сифатида қурилган. Шу жиҳатдан, у юртимиздаги энг қадимий обида бўлиши мумкин.

Албатта, вилоятда сайёҳларни ўзига жалб этадиган узоқ тарихга эга масканлар кўплаб топилади. Мисол учун, Сармишсой дараси нафақат Ўзбекистон, балки хорижликларга ҳам маълум.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Навоий кон-металлургия комбинати ҳамкорлигида ташкил қилинган медиафорум иштирокчилари ҳудуддаги яна бир қадамжо - Нурота туманидаги "Чашма"га ҳам боришди. Республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган ижодкорлар Навоий вилоятининг сайёҳлик салоҳияти ҳам анча юқори эканлигига гувоҳ бўлди.

Форум иштирокчилари вилоятда бу борадаги янги изланишлар, яратилаётган қўшимча инфраструктуралар билан яқиндан танишди.