“Мирзо Улуғбек ворислари”: Танловнинг туман босқичида СамАТИ талабаларининг 61 нафари ғолиб бўлди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти профессор-ўқитувчи ва талабалари “Устоз-шогирд” анъаналари асосида ҳудудлар ва соҳаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида зарурий амалиётларни қўллаш борасида старт-ап лойиҳалар устида ишлар олиб бормоқда.Натижада талабалар турли танловларда муносиб иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, республикамизда айни кунларда ўтказилаётган “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловида институтнинг иқтидорли талабаларидан 200 нафардан ортиғи ўзларининг старт-ап лойиҳалари билан иштирок этмоқда. Бугунгача бўлиб ўтган туман босқичида ғалаба қозонган талабалар сони 61 нафарга етди. Бу 2024 йилга нисбатан 3 нафарга кўп.
Талабаларнинг танловдаги иштирокини таълим йўналишлари бўйича ҳам таҳлил қилиш мумкин. Бу борада иқтисодиёт йўналиши талабалари (10 нафар) энг яхши кўрсаткичга эга. Шунингдек, туризм, мева-сабзавотчилик ва узумчилик, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси, агрокимё ва тупроқшунослик йўналиши талабаларининг натижаларини ҳам юқори баҳолаш мумкин.
Танловнинг вилоят босқичида республика бўйича жами 1030 нафар талаба курашни давом эттиради. Уларнинг деярли 6 фоизи СамАТИ талабаларидир. Аниқ маълумотлар бўлмаса-да, бу натижа билан институтни танловдаги пешқадам олийгоҳлардан бири деб атасак бўлади. Хусусан, танловда иштирок этган СамАТИ талабасининг ҳар 4 нафардан биттаси вилоят босқичига ўта олди.
Ушбу танловнинг туман босқичида илк муваффақиятли натижага эришган иқтисодиёт ва бошқарув факультетининг туризм таълим йўналиши 4-босқич талабаси Фарҳод Садиров танловда Навоий вилояти Нурота туманида иштирок этди.
- Менинг старт-ап лойиҳам “Ecoparking” деб номланади. Ушбу лойиҳа автотураргоҳларнинг табиатга чиқарадиган заҳарли газларини қисқартиришга қаратилган, - дейди Фарҳод Садиров. - Шунингдек, мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар фойдаланиши мумкин бўлган туризм объектлари атрофида эстетик жиҳатдан шакллантирилган ўзида ўсимлик қоплами ҳамда муқобил энергиядан фойдаланган ҳолда автомобилларни зарарсиз сақлашни ўз ичига олади. Туман босқичи мен учун жудаям қизғин бўлди. Ҳозирда танловнинг кейинги босқичига жиддий тайёргарлик кўрмоқдаман.
- Мен 1-босқич талабаси бўлишимга қарамасдан олийгоҳимизнинг профессор-ўқитувчилари билан биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини инновацион усулда теришга мўлжалланган қурилма ишлаб чиқдик ҳамда кейинги босқичга тавсия этилдим, - дейди Оқдарё туманидан танловга қатнашган иқтисодиёт ва бошқарув факультети 1-босқич талабаси Малика Қобилова.