"Мўғулча" – шоҳ асар
Бу улкан мусиқий туркум "Бузрук", "Рост", "Наво", "Дугоҳ", "Сегоҳ", "Ироқ" мақомларидан ташкил топган бўлиб, ўз навбатида ҳар бир мақом икки йирик бўлим чолғу (мушкулот) ва ашула (наср) йўлларидан иборатдир. Чолғу куйларида "Тасниф", "Таржеъ", "Гардун", "Мухаммас", "Сақил" номли йўллар асосий ўрин тутса, ашула бўлимида "Сарахбор", "Талқин", "Наср", "Савт" ва "Мўғулча" йўллари муҳим аҳамият касб этади.
Ашула бўлимининг иккинчи қисмига кирган йирик шўъбалар орасида мўғулча номи билан машҳур ашула йўллари алоҳида ўрин тутади. Мўғулчалар ичида "мўғулчаи сегоҳ" энг йириги ва ижро жиҳатидан ҳам мураккаби ҳисобланади. Мураккаблиги шундаки, уни ижро этиш учун кенг кўламли ва ҳиссиётга бой овоз, сегоҳ мақомига мос дард ҳамда мақом ижросидаги кўп йиллик малака зарур.
Мўғулчаларнинг номланиши жуда қадимий тарихга эга. "Бу ном ХIII аср бошларида Ўрта Осиёни ишғол қилган мўғуллар империясининг ёки ХIV асрда Ҳиндистонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур барпо этган "Буюк мўғуллар империяси"га боғлиқ ҳолда юзага келган бўлиши эҳтимол", – деб ёзади мусиқашунос олим Исҳоқ Ражабов "Мақомлар масаласига доир", китобида.
Ҳар бир халқнинг гўзал, мукаммал юксак анъаналари, урф-одати, мусиқаси, миллий маросимлари бўлганки, бу бошқа халқлар анъанасига таъсирини кўрсатган. Айниқса, Шарқ халқлари мумтоз мусиқаси мақом жанри орқали узвий боғланади. Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатлари халқлари мусиқасига хос ладлар, нола ва безакларда жуда кўп умумийлик мавжуд. "Шашмақом"даги "Мўғулчаи наво" ашуласини машҳур ҳофиз домла Ҳалим Ибодов маромига етказиб ижро этган. Ашулани эътибор билан тинглаган киши унда мўғул оҳанглари, шунингдек, мўғул халқига хос доира зарбларини ҳис этади.
Мўғулчалар рост ва ироқ мақомларида учрамайди. Қолган мақомларда эса "мўғулчаи бузрук", "мўғулчаи наво", "мўғулчаи дугоҳ", "мўғулчаи сегоҳ", деб мақомлар номи билан қўшиб айтилади. Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков "Мўғулчаи наво"ни Мунис ғазали билан куйлаган. "Мўғулчаи наво"нинг машҳур бўлиши тасодифий эмас. Улар машҳур ҳофизлар репертуарида катта ўрин эгаллаб келган. Ҳозирги кунда ёш ҳофизлар ҳам мўғулча туркумидаги ашулаларни маромига етказиб ижро этишмоқда.
Олимжон FАФУРОВ,
мусиқашунос.