Мудофаа бўлимларида ҳали муаммолар кўп
Бугун вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан туман ва шаҳарлардаги мудофаа ишлари бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, у ерда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимлар ҳамда фуқаролар учун муносиб шарт-шароитлар ҳамда қулайлик яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги муносабати билан илгари сурилган ушбу ташаббус ортидан мудофаа ишлари бўлимларининг маъмурий, чақирув пункти бинолари таъмирланиб, хоналар мебель ҳамда ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланмоқда.
– 2004 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган чақирув пунктимиз биносида шу пайтгача таъмирлаш ишлари амалга оширилмай келинаётганди, – дейди Самарқанд тумани мудофаа ишлари бўлими чақирув бўлинмаси бошлиғи Санъат Нарзиқулов. – Бундан ташқари, иситиш тизими, ичимлик сув билан таъминланмаганди. Бу эса ходимларимиз, муассасамизга мурожаат қилувчи аҳоли, ҳарбий хизматга чақирилувчилар учун ноқулайлик туғдирарди.
Яқинда туман ҳокимлигининг 60 миллион сўмлик кўмаги билан биномиз тўлиқ жорий таъмирланди. Иккита замонавий иситиш қозони, иситиш батареялари, ичимлик сув захира тизимлари ўрнатилди. Икки дона янги компьютер жамланмаси, битта принтер ажратилди. Иситиш қозонлари учун 6 тонна кўмир брикети, 3 тонна ўтин ғамланди. Айни пайтда электр чироқларини тежамкор лампаларга алмаштириш, хоналарнинг 39 квадрат метр полини линолеум билан қоплаш ишлари амалга оширилмоқда.
Чақирув пункти биноларини кўздан кечириш жараёнида бу ерда амалга оширилган ва қилинаётган ишлар ходимлар кайфиятига ижобий таъсир қилганига гувоҳ бўлдик. Аммо бўлимнинг маъмурий биносидаги ҳолат ҳар қандай кишининг таъбини хира қилади. 1956 йилда барпо қилинган икки қаватли бинонинг таъмирга муҳтожлиги бир қараганда кўзга ташланади. Фасади, эшик-ромлари анча эскирган, иситиш, ичимлик сув тизими йўқ. Иккинчи қаватдаги хоналарнинг аксарияти шифтида ёриқлар пайдо бўлган, деворлардаги сувоқлар кўчиб тушган. Бинонинг 14 та хонасидан фойдаланаётган ходимлар қишки кийимларда ўтириб, хизмат вазифаларини бажармоқда.
– Ўн йилдан буён шундай шароитда ишлаяпман, – дейди резервчилар ва ҳарбий хизматчиларни ҳисобга олиш бўлинмаси бошлиғининг катта ёрдамчиси Манзура Рустамова. – Айниқса, куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти йўқлигидан қийналамиз. Совуқ кунларда хонада узоқ вақт ўтиролмайман. Биринчи қаватда қўлбола печ ўрнатилган бошқа хонага кириб, исиниб чиқишга мажбур бўламан. Электр энергиясида ҳам узилишлар мавжуд. Энергия қуввати жуда пастлигидан компьютерларимиз ишламайди. Мебель жиҳозларимиз аллақачон муддатини ўтаб бўлган.
Туман ҳокими 2019 йилда бўлимимиз учун янги бино қуриб беришни ваъда қилди. Шундан умид қилиб турибмиз. Қишни амаллаб ўтказиб олсак, худо хоҳласа, келаси йили замонавий ва қулай шароитга эга хоналарда ишлаш насиб этиб қолар.
Туман ҳокимлиги "Эскини ямаб, эсинг кетар" нақлига амал қилиб, мудофаа ишлари бўлими учун янги маъмурий бино қуришга қарор қилгани қувонарли, албатта. Аммо тозалик ишлари, мавсумий бўлса-да, иситиш қозонхоналарини юритиш учун ходимлар штат бирлиги ажратилмаган. Бу ишни ходимлари ҳисобидан амалга ошираётган туман мудофаа ишлари бўлимига туман ҳокимлиги ёрдам беришда давом этишига ишонамиз.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Пайариқ тумани мудофаа ишлари бўлими фаолияти ҳақида "Мудофаа ишлари бўлими мавсумга тайёрми?" деб хабар қилган эдик.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.