“Муҳаммад Юсуф йиғлатди, кулдирди, ўз оғушига тортиб олди”
Инсонни сўз айлади жудо
ҳайвондин,
Билки, гуҳари шарифроқ
йўқ ондин.
Дарҳақиқат, сўз – мўъжиза, сўз – тубсиз уммон. Унинг бесарҳадлиги ва латофатини минг-минглаб шоиру ёзувчилар, олимлар, тилшунослар ўз асарлари ор¬қали ифодалаб келадилар. Лекин ҳар дилнинг ўз навоси бор деганларидек, юксак маҳорат ва қайноқ муҳаббат туфайли қоғозга тўкилган мисралар кўнгилларни забт этади. Ўзбекис¬тон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеърларини ўқиганимизда ҳам қалбимиздан ана шу иқрор – сўз айтишга бўлган оташин ишқни англаймиз.
Бу шоирнинг шеърлари кириб бормаган хонадон юртимизда топилмаса керак. Ахир унинг ҳар бир сатри халқимиздек самимий ва беғубор. Унинг ёзганлари ҳақида гап кетса, аввало, соддалигини тилга олишади. Устоз Озод Шарафиддинов айтганидек, Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзиладиганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг-чи? Қўлингиздан келмайди! Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисралари мухлисларини йиғлатди, кулдирди, ўз оғушига тортиб олди.
Бу оламда шоир кўп, сўз айтувчи кўп. Аммо сўз айтиб, қалбни овлаган, чин мухлис орттира олиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар бирдай яхши кўради, севиб тинглайди. Унинг шеърлари асосида айтиладиган қўшиқларни эса ҳар куни эшитсак-да, қайта-қайта тинглагимиз келаверади. Зотан, уларнинг ҳар бири замирида самимият мужассам. Масалан, у қайси мавзуда қалам тебратмасин, ватанпарварлик ва инсонпарварликни тарғиб этадики, беихтиёр оддий сўзлардан бу қадар улуғворликни васф айлаш маҳоратига тасаннолар айтасиз. Шоирнинг "Буғдойпоялар" деб номланган шеъридаги мана бу сатрларга эътибор беринг:
Мен таъзим қиламан
буғдой пойига,
Ҳали ҳеч кимса-ку бошин эгмаган.
Одамлар бор ахир, туққан жойига,
Бир бошоқ буғдойча нафи тегмаган.
Чўксин қошингизда тоғлар, қоялар,
Сиз шунга лойиқсиз буғдойпоялар...
Бир қарашда гап буғдойпоялар ҳақида кетаётгандек туюлган бу шеър аслида Ватан, танти деҳқоннинг қадри, унинг оғир ва машаққатли меҳнати хусусида эканлигини англаб етамиз. Бу мисраларни ўқиганда туғилиб ўсган қадрдон гўшамиз-у халқни фаровон этиш учун саҳардан то шомга қадар даласидан бўшамайдиган хоксор одамлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шунда юрагимиз ўртаниб, улар шаънига айтилган ҳар қандай эътирофга қўшиламиз.
Муҳаммад Юсуф олами самимият, халқчиллик ва ҳаққонийлик олами. Бу оламга назар солганда, машҳур ибора – "дунёни гўзаллик қутқаради"ни ўзгартириб, самимият дунёни қутқаради, десак асло муболаға бўлмайди.
Маъмура НАРЗИЕВА,
Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси.