Мулоҳаза: Сўнгги бекат улови

Яқинда ўзидан яхши ном ва солиҳ фарзандлар қолдирган азиз инсонни сўнгги манзилга кузатиб қўйдик. Марҳумнинг жанозасига олис-яқиндан  тумонат одам йиғилди. Ҳамдардлик билдириш учун келаётганларнинг охири кўринмасди.

Тобут кўтарилиши белгиланган вақт яқинлашганда марҳумнинг қариндошлари орасида бесаранжомлик бошланди. Маълум бўлишича, тобутни қабристонга элтиш учун улов масаласи ҳал этилмаган экан. Яқин жой  бўлганда-ку,  тобутни одамлар елкасида кўтариб боришарди, афсуски, қабристон хийла узоқ – 7-8 чақирим нарида эди.

Муаммони ҳал қилиш учун кимдир танишига, кимдир ишхонасига, кимдир маҳаллий автокорхона маъмуриятига қўнғироқ қила бошлашди. Иш пайтида бўш турган уловни топиш амримаҳол. Маҳаллий автокорхонадагиларнинг одамгарчилиги бор экан, дарҳол ёрдам қўлини узатиб, юк машинаси юборадиган бўлишди.

Бир пайт жаноза ўқиладиган жойга  гулдурос солиб, 20 тонна юк ортиладиган, узунлиги темир йўл вагонидан қолишмайдиган бесўнақай автомашина келиб тўхтади. Тобут шу уловга юкланиб, қабристон сари йўл олинди. Қишлоқнинг тор, ўйдим-чуқур йўллари-ю кескин бурилиш жойларида машина базўр ҳаракатланди.

Майитни тупроққа қўйиб, қабристондан қайтар эканман хаёлимни  ғужғон саволлар қамраб олди. Нега майитни сўнгги йўлга иззат-икром билан кузата олмадик? Ахир тобут ўтин ёки хас-хашак эмас, нега уни бунақа бесўнақай юк машинасига ортиб бордик? Марҳумларни умрининг сўнгги бекатига иззат-икром билан кузатиб қўйишни қачон ўрганамиз?

Пойтахт ва катта шаҳарларда бу саволларга ўрин йўқ. Йўлларда тобут ортилган юк машиналари кўзга ташланмайди. Уларнинг ўрнини аллақачон дид билан жиҳозланган махсус машиналар эгаллаган. Дафн бюросига буюртма берилса бас, айтилган вақт ва белгиланган жойда ҳозир бўлишади.

Қишлоқларимизда ҳам ана шундай хизматни жорий этиш вақти келмадимикан? Маҳаллий ҳокимликлар туман учун 2-3 та махсус машина олиб, уни ободонлаштириш бошқармаси ёки туман марказидаги масжидга бириктириб қўйса, аҳоли учун қулайлик бўлади-ку. Энг муҳими, марҳумлар руҳи олдида хижолат чекмасдик. Уларни сўнггти бекатга олиб борувчи уловларимиз ҳам марҳумлар ҳурматига муносиб бўлиши керак.

Норбобо Шакаров,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.