Муомаладан чиқарилган 50 ва 100 сўмлик банкнотлар ҳақида расмий хабар берилди
2019 йил 1 июль кунидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги (2001-2002, 2004 ва 2009 йиллар намунасидаги) 50 сўмлик, 100 сўмлик тангалари ҳамда (1994 йил намунасидаги) 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлари тўлов қобилиятини йўқотади ва муомаладан чиқарилади.
Адлия вазирлигида 2018 йил 19 майда 3014-сон билан рўйхатга олинган «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан:
Жорий йил 1 июль кунига қадар эски намунадаги 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлар ва тангалар Марказий банк ҳудудий Бош бошқармаларининг Ҳисоб-китоб касса марказлари, барча тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан қабул қилиниб, алмаштириб берилди;
2019 йил 1 июлдан бошлаб эски намунадаги 50 сўмлик ва 100 сўмлик тангалар ва банкнотлар товар ва хизматлар учун тўловга қабул қилинмайди.
Аҳоли қўлида қолиб кетган эски намунадаги 50 сўмлик ва 100 сўмлик тангалар ва банкнотларни бевосита Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари Ҳисоб-китоб касса марказларида янги намунадаги тангаларга ва муомалада бўлган бошқа номиналдаги банкнотларга алмаштириб олишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги Низомга асосан эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотлар 2020 йил 1 июлга қадар муомалада бўлади ҳамда ушбу муддатга қадар қонуний тўлов воситаси ҳисобланади.
2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб банк кассаларига топширилган 1997 йил намунасидаги 200 сўмлик ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкнотлар тижорат банклари филиаллари томонидан алмаштириб берилади.