“Мурожаатлар эътиборда бўлса, муаммо қолмайди”
Ёхуд пастдарғомликлар байрамни қандай кутиб олаётгани хусусида қайдлар
"Бир неча йилдан буён тоза ичимлик сувига муҳтож эдик. Мурожаатларимизга фақат “Дастурга киритилади”, деган мазмундаги жавоб олиш учун ҳам ойлаб кутишга тўғри келарди.
Бир ой бурун шу масалада туман ҳокими қабулига қайта кирдик. Шу куни туман раҳбари қишлоқ аҳли билан мулоқот ўтказди. Кўтарилган масала атрофлича муҳокама қилинди – аҳоли баробарида мутахассисларнинг фикрлари тингланди, бюджетдан амалга ошириладиган ишлар хомчўт қилинди.
Рост, ишлар бу тарзда тезлашиб кетишини кутмагандик. Бугун ҳудуддаги сув иншоотида “ЕСВ 8-25-100” маркали сув насоси ишлаб турибди. Йиллар давомида ечилмаган масала қисқа вақтда ижобий ҳал этилганидан миннатдормиз".
Жағалбойли маҳалласининг бир гуруҳ фуқаролари.
Бу туман ҳокимлигига келган ўнлаб хатлардан бири, холос. Тўғриси, кейинги пайтда айрим масъулларнинг эътиборсизлиги оқибатида Паст Дарғом кўплаб ечимсиз масалалар бўйича республика даражасида “танилиб” қолганди. Бунинг ортидан Президент виртуал қабулхонаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа корхона-ташкилотларга мурожаатлар сони бўйича туман “биринчиликни ҳеч кимга бермаётгани” қайта-қайта эслатиларди...
Мурожаати ечимидан мамнунлик мазмунидаги хатлар кела бошлагани бежизга эмас. Шу кеча-кундузда туманда амалдаги ҳоким фаолият бошлаганига икки ойга яқинлашди. Ўтган қисқа вақт мобайнида қандай ўзгаришлар бўляпти?
“Муаммоларни қанча бўлса, ўзимиз ечамиз. Турли даражадаги идораларга йўлланган ҳар қандай талаб шу ерда ҳал бўлади. Шундай экан, ҳар бир масалани қисқа вақт ичида ва сифатли ҳал этиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак!
Демоқчиманки, фуқаро мурожаати эътиборда бўлса, ишимизда унум бўлади, давлатимиз раҳбари айтганидек, “Халқимиз биздан рози бўлади”.
Ҳокимнинг биринчи талаби шу бўлди, нафақат ҳокимлик, ҳудуддаги барча давлат идоралари иши шу талаб асосида ташкил қилинди. Кунлик сўров йўлга қўйилди, натижа бўлмаган мурожаат “ёпилмади”.
Натижа шунга яраша бўлди: ўтган вақт давомида Президент виртуал қабулхонасига пастдарғомликлар мурожаати эллик, вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига қирқ, турли даражадаги бошқа идораларга олтмиш фоизга камайди. Аксинча, туман ҳокимининг телеграмм мессенжерига (жорий йил 29 июнда очилган) мурожаатлар кўпайди.
Таҳлилларга кўра, қирқ кунда туман аҳолисидан 1182 та турли мазмундаги мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 92 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолганлари бўйича қонуний тушунчалар берилди. Бор-йўғи 94 та мурожаат маблағ ва муддат талаб қилганлиги сабабли кўриб чиқиш жараёнида турибди.
Мисол учун, тоза ичимлик суви масаласидаги мурожаатлар бўйича Бахшивойи маҳалласида 1600 метр, Гўзалкент маҳалласидаги 2 та сув иншооти таъмирланиб, 6 километр қувур тортилди. Хончорбоғ, Қоқсой, Темирхўжа маҳаллаларида ҳам сув иншоотлари таъмирланиб, тармоқ тортиш ишлари амалга оширилди.
Кимёгарлар, Камолот, Туркман, Балхиён, Шомбулоқ маҳаллаларида табиий газ таъминотини яхшилаш учун реконструкция ишлари олиб борилди.
Туман электр тармоқлари корхонаси томонидан шу кунгача 29 та трансформатор пункти ҳамда 74,2 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари, 91 та темирбетон таянчлари ўрнатилиб, 2,3 километр СИП кабеллари тортилди.
Буларнинг барчаси аҳоли мурожаатлари асосида амалга оширилган ишлар. Муҳими, одамларни рози қилишга қаратилган бу ишларни бошқа соҳа ва йўналишларда қайд қилиш мумкин. Жумладан, бугунгача 191,5 километр ички йўлларга тош-шағал аралашмаси ётқизилди. Олтиқаҳрамон маҳалласида 1,5 километр пиёдалар йўлакчаси қуриб битказилган бўлса, яна 8 та маҳалла ички йўлларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жума шаҳрига 250 та кўча чироқлари ўрнатилди.
Албатта, талаблар орасида аҳолини иш билан таъминлаш ҳам асосий ўрин тутади. Бу борада ҳам аниқ режа асосида фаолият олиб борилмоқда.
Хусусан, вилоят делегацияси таркибида туман вакиллари яқинда Хитой давлатига хизмат сафарида бўлишди. Сафар давомида “Gungdong nova international bissiness service” корхонаси билан ҳамкорликда қурилиш материаллари, мебелчилик ва бошқа соҳаларга инвестиция жалб қилиш бўйича 40 миллион долларлик меморандум имзоланди. Ўтган вақт ичида 13,3 миллион долларлик хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.
Бундан ташқари, Камолот маҳалласи ва Кимёгарлар қўрғонидаги бўш турган 173 та нотурар объектнинг фаолияти ўрганилиб, қиймати 795 миллиард сўмлик 101 та янги лойиҳа шакллантирилди.
Қайд қилинганлар ортидан туманда 1300 га яқин янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилмоқда.
Дарқове, туманда айни пайтда давлат дастурлари асосида 14 та мактаб, 1 та боғча таъмирланяпти. “Ташаббусли бюджет” орқали эса битта спортзал, 5 та кўп қаватли уй-жой қурилишлари тез орада поёнига етказилади. Яна бир муҳим томони, байрам олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозиргача кўчаларга 30 мингдан зиёд гул кўчатлари экилди. Бу хайрли ишлар энг улуғ ва энг азиз байрам - Мустақиллик тантаналаригача жадал давом эттирилади.
Буюк МУРОДУЛЛАЕВ.