Мусиқа мактабларида чолғу асбоблари борми?

Маданият марказларида-чи?

Тоғ бағрида чанқовуз чалаётган, найни сайратаётган, дўмбирасини қўлига олиб, дардини оҳангга солаётган кишилар атрофида бежиз одамлар йиғилмайди. Улар куйга сармаст бўлиб, бир дам ғам-ташвишни унутади, руҳий ором олади. Мусиқа шундай  санъатки, инсоннинг ички кечинмаларини оҳангларда ифодалайди. Бугун ҳам мусиқага ихлосманд кишилар, чолғу асбобларини ўрганишни истовчи ёшлар кўп. Хўш, уларга етарли шароит ва имконият яратилганми?

Иштихон туман маданият бўлимининг маълумотига кўра, туманда битта болалар мусиқа ва санъат мактаби, 7 та маданият маркази, истироҳат боғи, музей ҳамда 62 та номоддий мерос объекти бор.

Тумандаги 21-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида эътиборимизни неварасини кутиб турган онахон тортди.

- Янгиравот маҳалласида истиқомат қиламиз, - дейди Башорат Холиқова. - Икки нафар неварам афғон рубоби чалишни ўрганяпти. Улардаги истеъдодни Эркин Воҳидовнинг «Нидо» қасидасини 10 ёшли неварам чиройли оҳангда айтганида пайқадим. Ўйлаб ўтирмай мусиқа мактабига олиб келдим. Қишлоғимиз бироз олис бўлганлиги учун уларни ўзим олиб келаман. Бу, албатта, ортиқча сарф-харажат ва вақт дегани. Лекин улар бунга қизиқади.

Болалар мусиқа ва санъат мактаби 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда 346 нафар ўқувчи 11 йўналишда таҳсил олмоқда. Мактабга асосан Зарбанд, Митан, Қўрғон, Сафохўжа, Шейхлар, Азамат каби ҳудудлардан ўқувчилар келади. Аммо туман марказидан олис ҳудудлар ўқувчилари мусиқа мактабида кам. Сабаби онахон айтганидек, йўл харажатлари ва ...

Чолғу асбоблари бор,  аммо олий маълумотли ўқитувчи етарли эмас

- Болалар мусиқа ва санъат мактабимизда фортепиано, ўзбек халқ чолғу асбоблари, анъанавий хонандалик, эстрада хонандалиги, дутор, прима рубоб, қашқир рубоби, дамли чолғулар, ҳайкалтарошлик, зардўзлик, театр, хореография, тасвирий санъат каби йўналишлар бор, - дейди мактаб директори Мурод Рўзиев. – 46 нафар ўқитувчимиздан 19 нафари олий маълумотли, 27 нафари ўрта махсус маълумотли. Мактабимизда 20 турга яқин мусиқа асбоблари бор, аммо кантрабас овозли чолғу асбоблари, жумладан, дутор кантрабас ва ғижжак кантрабас керак. Эстрада чолғучилиги, скрипка, академик хонандалик, опера ва вокал, фортепиано йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассислар етарли эмас. Фортепиано йўналиши бўйича 3 нафар ўқитувчи фаолият юритади. Ушбу йўналишда ўқийдиган ўқувчи кўплиги учун 1,5 ставкада дарс бермоқда.

Мактабда халқ амалий санъатига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Бунга ҳам ўқувчиларнинг қизиши катта. Бу йил ёғоч ўймакорлиги йўналиши ташкил этилиб, 12 нафар ўқувчи ушбу санъат сирларини ўрганмоқда.

 

Маданият марказларида аҳвол қандай?

Тумандаги 7 та маданият марказида 10 йўналишда 30 тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Уларга 267 нафар ҳаваскор жалб этилган.

1-сон маданият маркази ярми кутубхона, икки хонадан иборат бинода жойлашган. 5 та тўгарак мавжуд. Рубоб, дутор, тор, карнай, сурнай каби мусиқа асбоблари, санъаткорларнинг либослари бор. Аммо хоналар етарли эмас, бунинг устига совуқ.

- Туманимизда еттита маданият марказининг қарийб барчаси мослаштирилган биноларда фаолият юритади, - дейди туман маданият бўлими бош мутахассиси Дилмурод Абдуллаев. – Халқобод маҳалласидаги 7- сон маданият маркази 2016 йилда қайта қурилган эди. Аммо қурилишдаги камчиликлар сабаб ҳали қабул қилиб олинмаган.

Мазкур маданият маркази 2020 йилда қайта қурилиши белгиланган эди. Аммо бу иш амалга ошмади.

Қуёш чиқса машғулотларни олиб борамиз...

Ғафур Ғулом маҳалласида жойлашган 2-сон имконияти чекланганлар махсус маданият марказида 4 тўгаракка 34 нафар ҳаваскор жалб қилинган.

- «Баркамол авлод» болалар мактабининг эски биносида  туман ногиронлар жамияти билан бир бинода фаолият юритамиз, - дейди марказ бадиий раҳбари Ғайрат Эшқувватов. – Ҳафтада уч кун ашула, рубоб, доира, шашка тўгаракларимизда 34 нафар ҳаваскор иштирок этади. Санъатга қизиқувчи имконияти чекланган инсонлар туманда анчагина. Улар соз чалиб, керак бўлса, бир-бирига ўргатиб маданий дам олади. Афсуски, қиш келиши билан марказимизда машғулотлар камаяди. Сабаби бинолар совуқ, машғулотлар қуёш чиққанда, ҳаво ҳарорати бироз исигач ўтказилади. Айрим ҳолларда уларнинг уйига бориб ҳам соз чалишни ўргатамиз.

Хулоса қилганимиз - туманда маданият марказлари бор-у, аммо аҳоли дам олиши учун имконият йўқ. Сабаби мослаштирилган биноларда фаолият юритаётган ҳаваскорлар ўз санъатини намойиш этиш учун марказларда на саҳна, на концерт зали бор. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 25 июнда тасдиқланган “Маданият ва аҳоли дам олиш марказлари тўғрисида”ги низомга кўра, марказлар миллий маданиятни сақлаб қолиш ва ўрганишда жамоатчилик эҳтиёжларини ўрганиш ва қондириш, бадиий ижодни, бошқа ҳаваскорлик ижодий ташаббусларни ва аҳолининг ижтимоий-маданий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, унинг дам олишини ташкил қилиш мақсадида ташкил этилиши белгиланган.

Шу билан бирга марказларда аҳолининг барча қатламлари томонидан талаб қилинган замонавий маданий-маърифий хизматларни кенг ёйиш, Интернет-студиялар, электрон ресурслар, хорижий тилларни ўрганиш курслари, мароқли томошалар, мунозара клублари, спортнинг стол турлари ва интеллектуал ўйинлар бўйича мусобақалар ўтказилиши ҳам низомда қайд этилган.

Афсуски, бу низом талаблари ҳозирча Иштихонда тўла-тўкис бажарилмаяпти.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.