Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига армуғон

Амир Темурнинг усти ёпиқ бозори ҳақида эшитганмисиз? Соҳибқирон қўлигул уста ва меъморларни йиғиб, Самарқанд шаҳри харитасининг ўртасидан узун чизиқ тортган. Бу чизиқ улкан хиёбон бўлиб, икки тарафида дўкону тимлар қад ростлаган Самарқанд бозори бўлишини айтган. Йигирма кунга етар-етмас кўҳна кентда улкан усти ёпиқ бозор бунёд этилганки, у шаҳарнинг бир чети – Дарвозаи Оҳаниндан бошланиб, Регистондан ўтиб, шаҳарнинг бошқа чети - Намозгоҳ дарвозаси ёхуд Сўзангаронгача етиб борган.

Муаллифлар Ғофуржон Маҳмудов (марҳум) ва Адаш Истад томонидан нашрдан чиқарилган “Армуғон” китобида шу каби Самарқанднинг турли даврлардаги қимматли тарихий маълумотлари таҳлил ва тадқиқ этилган.

Китобда Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқанд кўз олдингизга келади. Аждодларимизнинг ақлу заковати билан бунёд этилган боғлар, гузар, масжид, хиёбон ва чорбоғлар тарихи билан муфассал танишасиз.

Шунингдек, китобда Самарқанд туманида бульварларнинг нечталиги, Бўстони хон гузари тарихи, Амир Темурнинг бульварсозлик анъанаси, Навоий чорбоғсозлиги ҳақида тарихий маълумотлар келтирилган.

Эътиборлиси, “Овози Самарқанд” газетасининг мустақиллик байрамига муносиб туҳфаси бўлган “Армуғон” китоби ўзбек, тожик ва рус тилларида ёзилган.

Фидойи касб эгасининг сабоқ бўлгувчи хотиралари

Яқинда “Маънавият” нашриётида чўлни ўзлаштириш, унга ҳаёт олиб келиш ишларида жонбозлик қилган, меҳнат фаолиятини Мирзачўл ва Жиззах чўлларидан бошлаб, қийинчиликларни ўзининг малакаси, тажрибаси, билим салоҳияти билан енгиб ўтган Мансур Абдураимовнинг “Отамнинг орзулари” китоби нашрдан чиқди.

Муаллиф ушбу китобида ҳаёт йўли, етти авлод шажараси, ота-боболари, момоларининг эзгу ишлари, талабалик кезлари, илк бор чўл ҳудудларини ўзлаштиришда олиб борган фаолияти, оиласи, фарзандлари, меҳнат фаолияти ҳақида сўз юритади.

Китобни варақлар экансиз, ҳар бир саҳифа кейинги саҳифага йўл очади. Воқеалар сизни қизиқтириб бораверади. Чунки муаллиф меҳнат фаолиятидаги ютуқларини, топганларини, йўқотганларини моҳирлик билан ёритиб берган. Китобни ўқиб, нафақат бир инсон ҳаёти ҳақида, балки ҳаёт ва илм йўлидаги бой тажрибаси ҳақида ҳам маълумот оласиз, Абдураимовнинг тажрибасидан, маҳоратидан, ҳаётий ибратидан воқиф бўласиз.