Мустақиллик байрамига темир йўл чипталарига чегирмалар эълон қилинди

Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлаш муносабати билан темир йўл компанияси йўловчиларга чегирмалар тақдим этади.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 31 август – 3 сентябрь кунларидаги барча маҳаллий йўналишларга чегирмалар тақдим этмоқда.

Байрам чегирмалари қуйидагича:

– нафақахўрлар, ногиронлар, 1941-1945 йил уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган йўловчиларга – 50%;

– олий ўқув юртлари талабалари, мактаб ўқувчилари, коллеж ва лицей талабалари, ИИВ, МВ, ДХХ, ДСҚ, ДБҚ махсус таълим муассасалари талабалари – 15%;

– оилавий (икки ёки ундан ортиқ киши - эри ва рафиқаси, эри ёки рафиқаси ва 18 ёшгача бўлган фарзандлари, отаси ёки 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган она) (никоҳ гувоҳномаси ва қариндошликни белгиловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилган ҳолда) – 15%;

– коллектив (ҳамкасбларга) (4 кишидан ортиқ - йўриқнома асосида) – 15%;

– «Афросиёб» тезюрар электропоездларида барча тоифадаги йўловчиларга - 10%.