Мутолаа: Футболга тикилган "бош". Ҳикоя
Қувондиқ Сиддиқ
Бола эдик. Оддий қишлоқ болалари.
Ҳар қишлоқнинг бошқалардан ажралиб турадиган бадавлатроқ хонадони бўлади. Азаматнинг отаси туман марказида каттароқ бир лавозим эгаси эди. Қишлоқда шаҳарсифат қурилган ягона уй ҳам, энг янги машина ҳам шуларники. Аммо у киши димоғдор эмасди. Ҳовлисида, уйида биз, болаларга истаганча ўйнашимизга изн берарди. Тўй-маъракада ҳам эл қатори хизматда бўларди. Азаматнинг уйидаги жиҳозларга суқланиб қарардик. Жўрам бироз нимжонроғу, аммо яхши бола, биздан ҳеч нарсасини қизғанмасди.
Ҳамма болалар қатори биз ҳам футбол жинниси эдик. Бироқ бир муаммо доим бизни қийнаган. Яъни, тузукроқ копток тополмасдик. Қишлоқ дўконларига келадиган коптоклар бизнинг тўпори тепкиларимизга чидамасди.
- Тўппининг нима кераги бор? Шусиз ҳам ишлар бошимиздан ошиб-тошиб ётибди. Тўппининг орқасидан лаканглаганча, молларга хашак йиғинглар. Эртага қишда маза қип сут ичиб ётасанлар, – оталаримизнинг энг юмшоқ гапи шу эди. Аммо футбол ўйнардик. Мактаб сабоқ маскани эканлиги баробарида ўйинлар имкони ҳам эди. Фақат тескари тартиб. Яъни, одатда ҳақиқий футболнинг бир бўлими 45 дақиқа бўлса, бизнинг мактабчасига футболимизда аксинча, бир бўлим 5 дақиқа, «танаффус»лар 45 дақиқадан эди. Шу беш дақиқалик ўйин вақтида ҳам камида 3 та гол уришга улгурардик. Хуллас, дарслар орасидаги беш дақиқалик танаффуслар биз учун ҳақиқий футбол тайми эди. Катта танаффус-ку энг бахтли лаҳзаларимиз. Борингки, дарсдан кейин ҳам қоровул қувиб чиқмагунча мактаб майдончасида тўп тепардик. Аммо, копток муаммоси…
Резина ва пуфлама коптокларнинг неча-нечалари копток бўлганига «пушаймон еган» бўлса ажабмас. Чарм тўпга пул қайда дейсиз. Иложсиз қолганда, шампан виносининг елим қопқоғи жонга оро кирарди. Унчалик думалоқ эмас-у, аммо шуни ҳам тўғрилаб тепишни эплардик. Шу ўринда ўша пайтдаги патинкаларимизга раҳмат айтиб қўйсак арзийди. Баъзан бўшаган консерва қутилариям копток вазифасини бажарарди. Ноилож… Аммо жаҳон чемпионатидаги энг кучли дарвозабонлар ҳам келиб, бизнинг дарвозабондан ўрнак олиб кетса бўларди… Ахир, қирралари чирпираб, айланиб учиб келаётган консерва қутисини қайтаришнинг ўзи бўладими… Ўйинчиларни айтмайсизми… Ў-ҳў!.. Шерик томонидан катта тезликда оширилган ўша серқирра консерва-коптокни калла қўйиб дарвозага бехато йўллаган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Бошларимиз тошдан экан. Охири консерва қутиси ҳам бизнинг чапани тепкиларга дош бера олмай, пачоғи чиқарди. Биз яна тузукроқ «копток» ахтариб кетардик. Хуллас, бироз қаттиқроқ, думаланадиган, сал коптоксифат нарса бўлса бўлгани эди…
Мен мактабда барча қатори ўйинқароқ, аммо аълочи эдим. Азаматнинг отаси мени яхши кўрарди. Азамат билан бир партада ўтирардим ва унга дарсларни ўзлаштиришда ёрдам берардим. Бирга дарс қилинглар, деб дадаси атайлаб мени уйига таклиф қиларди.
– Катта бўлганларингда, икковингни ўзим самолётда Тошкентга ўқишга олиб бораман, – дерди.
Биз бу иш унинг қўлидан келишига ишонардик. Хурсанд бўлиб, янаям кўпроқ дарс қилардик.
Бироқ болаликнинг ўшанда биз англамаган шартлари, ўйинқароқ руҳияти барибир устун келаверган экан. Футбол ҳақида гап очилса, дарс қолиб кетиб, кеча қандай футбол бўлгани-ю, эртага нималар қилишимизни режалаштира бошлардик. Лекин барибир бизни копток муаммоси доим қийнарди.
– Азамат, отанг ҳар куни туман марказига боради-я...
– Ҳа.
– Сенга шунча кўп нарсалар олиб берган-а.
– Ҳа.
– Шу… битта чарм тўп олиб беринг, десанг нима қиларди, жўра... Болалар роса хурсанд бўларди-да. Мазза қилардик!..
– Биламан. Лекин отам бунга кўнмайди. Олдин ҳам кўп айтганман. Ҳар гал «Сенга тўппи обериб, қишлоқдошлардан балога қолишим етмай турувди, ундан кўра ўқишингни эпла», деб жеркиб берганди.
Бир гал уйга вазифаларни тайёрлаб бўлмасимиздан Азаматнинг онаси бизни чойга чақирди. Биз яна бироз ёзадиган машқларимиз борлигини айтдик. Дарсхонанинг бир четида, гилам устида Азаматнинг синглиси Дилбар гоҳ қўғирчоғига, гоҳ ўзига-ўзи гапириб, ўйнаб ўтирарди. Унинг қўғирчоғи ка-а-ат-та, деярли ўзидек келарди. Онаси уни ҳам икки-уч марта овқатланишга чақирди.
Азамат: «Дили, гарангмисан, бор, сени аям чақиряпти», деб бақириб бергандан кейингина у жойидан қўзғалди. Қўғирчоғини бир-икки марта у ёқ-бу ёққа ағдарганди, ичидан «инга-инга» деган овоз чиқди. Зўр экан! Қишлоқда бирорта қизалоқда бунақаси йўқ.
– Сен, йиғламай ўтийгин. Мен ҳозий чой ичиб келаман, – Дилбар қўғирчоғига «оналар»ча топшириқ бериб, дарсхонадан чиқа бошлади.
– Дилбар, қўғирчоғинг зўр экан-а, оти нима? – дедим эркалаб.
– Наташа, – деди у лабларини чўччайтириб ва хонадан чиқиб кетди.
– Дадам Москвадан олиб келган бу қўғирчоқни, – Азаматнинг ҳам мақтанчоқлиги тутиб қолди.
– Азамат! – дедим синглиси хонани тарк этган заҳоти худди катта топилма топгандек завқланиб. – Зўр фикр туғилди. Қўғирчоқнинг калласига қарагин, жўра!..
– Нима қипти калласига? Оддий калла-да.
– Сенинг калланг оддий калла, жўра… Бу эса ажойиб калла…
– Нега бунақа деяпсан?
– Кўрмайсанми буни, роса думалоқ эканми?.. Худди коптокка ўхшайди-я!..
Узоқ тортишув, «э йўқ-э йўқ»лардан кейин Азаматни кўндирдим. Уй вазифаси жойида чала қолди. Иккимиз икки ёнга торта-торта, «инга-инга»латиб, «Наташа»нинг калласини "танасидан жудо" қилдик. Сўнг Азамат мени нари-бери кузатган бўлиб, ўзи овқатга кириб кетди. Онаси мени ҳам овқатга таклиф қилди. Онам тезроқ келишимни тайинлаган, деган баҳона билан ҳийла «семириб» қолган сумкамни кўтариб, илдамгина йўлга тушдим.
Уйга келиб, дарсхонамга кирдим. Сумкамни очиб, ноёб топилма – «Наташа»нинг калласини чиқардим. Кейин тонггача уни қаерга яшириб туришимни ўйладим. Ўйлаб-ўйлаб, охири ҳовли билан томорқа ўртасидаги ишкомнинг тепасига, ток барглари орасига бекитдим.
Кеч кириб, атрофга қоронғулик чўкканида ҳам дарсхонамдан чиқмай ўтирардим. Назаримда, ҳозир Азаматнинг отаси бир қўлида Дилбарни етаклаб, бир қўлида «Наташа»нинг "бошсиз танаси"ни кўтариб, уйимизга кириб келадигандек. Ишқилиб, Азамат ўйлаган баҳонамизни ишонарли қилиб айтган бўлсин-да, дея юрак ҳовучлаб ўтирардим. Кечки овқатни ҳам апил-тапил еб, яна китобларимга кўмилиб кетдим.
– Бугун роса кўп дарс қиляпсанми, ўғлим, – деди онам хавотир билан.
– Эртага синфдан ташқари ўқиш бор, кўпроқ китоб ўқишим керак.
Онам дарсхонамнинг у ер-бу ерини тартибга келтирди.
– Унда сенга шу ерга жой солиб бераман, тезроқ ухлай қол, эрталаб сигирларни соғиб бўлганимдан кейин келиб уйғотаман.
– Қўяверинг, кўрпа-тўшагимни ўзим тўшаб оламан.
Онам майли, дея чиқиб кетди.
Кўзларим китобда-ю, аммо ҳар хил хаёлларга берилиб, охирги ўйинимизни эслаб ётдим…
Синфда Баҳодир бошчилик болалар бир томон, мен бош бўлган болалар иккинчи томон – тенг жамоа. Биринчи синфдан бери шу икки жамоа. Бу йил янги ўқувчи келиб, уни ҳам Баҳодир ўзининг жамоасига қўшиб олди. Биз майли дедик. Чунки янги келган бола футболнинг «ф» ҳарфини ҳам тушунмас экан. Шундай бўлса-да, охирги ўйинда биз ютқизиб қўйдик. Уч кундирки, футбол ўйнамаяпмиз. Сабаби, тўппи йўқ. Охирги тўппи – консерва қутиси янги келган боланинг бошига текканди, у йиғлаб берди-ку. Муаллим билиб қолиб, жаҳл билан «тўппи»мизни тош билан уриб, ялпайтириб, чиқиндихонага улоқтириб юборди. Мана, энди кўрамиз, эртага бўладиган футболда Баҳодир бошлиқ жамоа аҳволини. Бир боплайликки…
Шу пайт боғ томондан кимнингдир «вой-дод», деган чинқириғи эшитилди. Аввал қўрқиб, деразадан мўраладим. Ҳовлида ҳеч ким кўринмади. Секин ташқарига чиқдим. Айвон тўсинига осилган чироқ ва тўлин ой ҳамма чор атрофни ёритиб турибди. Уйдагилар телевизор кўришмоқда. Овози баланд қўйилган. Балки кинода биров бақиргандир, деб ўйладим. Энди дарсхонамга қайтаман деб турсам, ишком тарафдан, кимдир «вой-вой», дегандек бўлди. Адашмасам, момомнинг овози. Айвон четида ётган, молларни подага қўшишда фойдаланадиган таёқни олиб, секин ўша томонга яқин бордим. Қарасам, ишком тагида момом узала тушиб ётибди. Қўллари қалтирайди. Ёнида таҳорат обдастаси. Сал нарида эса мен яширган «Наташа»нинг калласи кўзларини бақрайтириб ётарди. Қўғирчоқнинг калласини секин томорқага ирғитдиму, уйга югурдим.
Отам бувимнинг юзига сув урди, сўнг секин қўлтиқларидан олиб, уйга олиб кирдик. Билсак, энди таҳорат олиб бўлганларида олдиларига осмондан бир хотиннинг калласи тушган эмиш.
Сочлари патак, кўм-кўк кўзлари катта-катта очилиб, ой ёруғида ялтираб кетганмиш…
Ҳаммасини қариликка йўйиб, «кўзига кўринган» деган тахминлар ва яна аллақанча шунга ўхшаш ваҳимали воқеалар ҳангомаси давом этаётганда мен «ухлайман» дея, секингина ўрнимдан тура бошладим. Онам, «қўрқсанг, уйда ётавер», деб мендан хавотир олди. «Қўрқсам, бувимга бир ўзим ёрдамга борармидим», дея «қаҳрамонлигим» билан мақтаниб қўйдим. Дарвоқе, дарсхонам уйимизнинг нариги четида жойлашганди ва унга боғ томондан алоҳида эшикдан кириларди.
Мен тезда бориб, томорқада экилган помидор орасидан «Наташа»нинг калласини топдим. Хонамга кириб, унинг жингала-жингала малла сочларини қайчиладим. Энди сал коптокка ўхшади-ю, аммо бўртиб турган бўйинчаси тепишга сал халақит қилади чоғи. Сўнг ошпичоқни олиб, «Наташа»нинг бўртиб турган бўйинчасини секин қиртишлай бошладим. Бўйни ёмон қаттиқ экан, қўлларим оғриб, терга ботиб кетдим. Ниҳоят, қўғирчоқ калласининг тўппидан деярли фарқи қолмади. Ҳар ҳолда консерва қутиси ёки шампан қопқоғи олдида бу ҳақиқий футбол тўпи эди. Энди хотиржам ухласам бўлади. Аммо Азаматнинг синглиси эсимга тушиб, яна уйқум қочди. Э, нима қипти, унинг ўйинчоқлари шунчалик кўпки, бу қўғирчоқ эсига ҳам келмаса керак… Хуллас, ўзимга далда берадиган баҳоналар ҳам етарли эди. Мен «Наташа»нинг тақир бошини қучоқлаб ётарканман, шу кечани уйқусиз ўтказишга ҳам тайёр эдим. Тасаввур қиляпсизми, эртага бизни қандай ажойиб футбол кутмоқда!..
Эрталаб апил-тапил нонушта қилиб, янги «копток»ни сумкамга жойлай олмай қийналиб турганимда, дарсхонамга ойим кириб келди.
– Ўғлим, тайёрмисан, сени олиб кетгани келишди.
Ойимнинг гапидан хавотирга туша бошладим.
– Ким, қаёққа? Ким мени олиб кетади? – дедим тутила-тутила.
– Азаматнинг дадаси ишга кетаётган экан, сизларни машинасида мактабга қўйиб кетмоқчи.
– А, нима?!
– Тинчликми, болам, нега рангинг ўчиб кетди?
– Ойи, мени уйда йўқ денг ёки тоби қочган, бугун мактабга бормайди, денг…
– Нималар деяпсан, – ойим хавотир билан тезда кафтини пешонамга босди. – Иситманг йўқ-ку…
Шу пайт дарсхонам деразасидан Азамат мўралаб қолди. Негадир жуда хурсанд. Қошларини ўйнатиб, «чиқа қол» ишорасини қилади. Шундан сўнг ишониб-ишонмай, «нима бўлса бўлар» деб, «дўмбоққина» сумкамни кўтариб ташқарига чиқа бошладим. Йўл-йўлакай қўғирчоқ калласини помидор буталари орасига отиб юбордим. Азамат кўзини қисиб, нуқул тиржаяди. «Нима гап?» десам, «Қўрқма, юравер, ҳозир биласан!» дейди.
Дарвозага яқинлашган сайин оёғим қалтирай бошлади. Азамат менга қарамасдан ташқарига югурди. Оғир қадамлар билан мен ҳам ҳовлидан чиқдим. Қарасам, бойвачча дўстим қўлида яп-янги чарм тўп билан машина эшигини очиб турарди. Дадаси рулда ўтирган ҳолда кулиб, мени машинага чиқишга имлади. Азамат менга «олдинга ўт» деб, ўзи орқа ўриндиққа ўтирди. Мен машинанинг олд эшигини очиб, дадасига салом бердим. У киши жилмайиб алик олди ва кўзлари билан ўриндиққа ишора қилди.
– Қани, футболист, ўтир-чи?
Мен бир Азаматга, бир дадасига қарадим. Машина жойидан жилди. Орқа ўриндиқда Дилбар ҳам хурсанд ўтирарди. Қарасам, унинг қўлида худди кечаги қўғирчоқ. Ғалати бўлиб кетдим. Яхшилаб қарасам, қўғирчоқ бошқа экан, яп-янги, боши, жингалак малла сочлари ҳам жойида…
Мактаб узоқ эмасди, тезда етиб келдик.
– Хурсандмисизлар? – сўради Азаматнинг дадаси машинасини тўхтатгач. Биз «ҳа» ишорасида бош силкидик. Аммо мен кечаги ишимиздан жудаям афсуслана бошладим. Буни сезибди шекилли, Азаматнинг дадаси бошимни силаб қўйди ва деди:
– Болаларим, доим хурсанд бўлиб юришларингни хоҳлайман. Фақат сизнинг хурсандчилигингиз асло бировни ранжитиш эвазига бўлмасин. Бора қолинглар. Яхши ўқиб, яхши бола бўлсанглар, ўзим сизларни самолётда Тошкентга ўқишга олиб бораман...
Мен машина ортидан бир муддат тикилиб қолдим. Бу вақтда мактаб ҳовлисида болалар қувончдан қийқиришарди. Тасаввур қиляпсизми, танаффусда уларни қандай ажойиб футбол кутмоқда!..
Бугунги дарс 45 дақиқа эмас, бир асрга чўзилди-ёв. Ниҳоят, қўнғироқ чалинди. Болалар ўзларини эшикка уришди. Лекин мен негадир шошмасдим. Жўраларимнинг «тап-тап» тепкилари янги коптокка эмас, гўё менинг бошимга тегаётгандек эди.