Мутолаа. Камбағал одамлар. Ҳикоя
ЛевТолстой
Кулбада балиқчининг хотини Жанна олов ёнида эски елканни ямаб ўтирарди. Дераза ортида шамол ҳуштак чалиб увиллайди, тўлқинлар чайқалиб, қирғоққа урилиб, сачраб гувиллайди... Ташқари қоронғу ва совуқ, денгиз бўронли, балиқчи кулбаси эса иссиқ ва шинам. Сопол пол тоза супурилган, печдаги олов ҳали ўчмаган, идиш-товоқлар жавонда ялтирайди. Усти оқ парда ёпиғлиқ тўшакда бўронли денгиз увиллаши остида беш болакай ухлаб ётади. Балиқчи эри эрталаб қайиқда денгизга чиққан ва ҳали ундан дарак йўқ. Балиқчи аёлнинг қулоғига фақат тўлқинлар шовқини ва шамолнинг увилаши эшитилади. Жаннанинг кўнгли ғаш...
Қадимдан қолган ёғоч соат бўғиқ овоз билан ўн... ўн бирни уриб занг чалди. Эри ҳали ҳам йўқ. Жанна ўйланиб қолди. Эри ўзини аямайди, совуқ ва бўронларда балиқ овлайди. Ўзи эса эртадан кечгача тиним билмайди. Шунга қарамай топганларига аранг тирикчилик қилади. Болаларининг эса пойабзали йўқ, қишин-ёзин улар ялангоёқ югуради, буғдой нони емайди –жавдар уни етгулик бўлгани яхши. Фақат балиққа қўшиб таом тайёрлаш учун зираворлар бор, холос. “Худога шукр, болалар соғ-саломат. Нолишга ҳожат йўқ, - ўйлайди Жанна ва бўронга қулоқ тутади. – Ҳозир у қаерларда экан? Эримни паноҳингда асра Раббим, уни қутқар ва раҳм қилгин!” дейди у.
Ухлашга ҳали эрта. Жанна ўрнидан туриб бошига қалин рўмолини ташлади, мой чироқни ёқиб, денгиз тинчланмадими, маёқдаги чироқ ёнаяптими, эримнинг қайиғи кўринармикан, деб хабар олиш учун кўчага чиқди. Бироқ денгизда ҳеч нарса кўринмади. Шамол унинг рўмолини юлиши билан бирга қўшни кулбанинг эшигини тақиллатарди. Жанна кечқурун касал қўшнисидан хабар олмоқчи бўлганини эслади. “Унга қарайдиган ҳеч ким йўқ”, деб ўйлади у ва эшикни тақиллатди. Ҳеч ким жавоб бермади.
“Бечорагина бевага қийин, - ўйлади Жанна остонада туриб. – Болалари иккитагина бўлса ҳам ҳамма нарса ҳақида ўзи ўйлаши керак. Устига-устак бу касаллик! Эҳ, осон эмас бевага. Ундан хабар олишим керак”.
У яна тақиллатди. Ҳеч ким жавоб бермади.
- Ҳой қўшни, - чақирди Жанна. “Бирор кори ҳоли бўлдими?”, - ўйлади у ва эшикни очиб кирди.
Кулба жуда нам ва совуқ эди. Жанна касал аёлни қаердалигини билиш учун чироғини кўтарди. Унинг кўзи эшик қаршисидаги сомон тўшакка тушди ва тўшакда, худди ўликлар ётганидек қимирламасдан қўшни аёл ётарди. Жанна чироқни яқинлаштирди. Ҳа, унинг боши орқага ташланган, совуқ кўкарган юзида ўлим хотиржамлиги. Оқарган, ўлик қўли гўё ниманидир олмоқчи бўлиб чўзилгандек сомон устида осилиб қолган. Онадан унчалик узоқ бўлмаган жойда, жингалак сочли, йўғон лунжли, устига эски кўйлак ёпинган икки болакай сарғиш бошлари билан бир-бирининг пинжига кириб ухлаб ётибди. Афтидан, онаси ўлишидан олдин фарзандлари оёқларини эски рўмол билан ўрашга ва кўйлаги билан устини ёпишга муваффақ бўлган. Уларнинг нафас олишлари бир текис ва сокин эди, улар ширин ва хотиржам ухларди. Жанна болалар бешигини ечиб олиб уларни рўмолига ўраб, уйига олиб кетди. Юраги қаттиқ урарди: бу ишни қандай ва нима учун қилганини ўзи ҳам билмайди, лекин унинг юрак амри бошқа тутумга йўл бермаслигини ҳам биларди.
Уйида уйғонмаган болаларни фарзандлари ётган тўшакка ётқизди ва шошилиб пардаларни ёпди. Унинг ранги оқариб, ҳаяжонда эди. Виждони қийналаётгандек: “Эрим нима дер экан?”, - дейди ўзига ўзи. – Ҳазил эмас ахир – ўзининг беш нафар фарзандлари ташвиши етмагандай... У эса... Йўқ, йўқ! Нега олдим!... У мени уриб ўлдиради! Ҳа, тўғри-да, мен бунга лойиқман. Ана, келди! Худойим... Энди бўлганича бўлар!”
Эшик худди кимдир киргандек ғижирлади. Жанна титраб кетиб, курсидан турди.
“Йўқ. У ҳали келмади! Худойим, нега бундай қилдим?.. Энди унинг кўзларига қандай қарайман?..”. Жанна ўйланиб болалар ётган тўшак олдида мудраб ўтирарди.
Ёмғир тинди; тонг отди, шамол ҳамон эсарди, денгиз эса олдингидай шовқин урарди.
Тўсатдан эшик очилиб, хонага тоза денгиз ҳавоси кириб келди, орқасидан ҳўл, йиртилган тўрларни судраб узун бўйли, қорачадан келган балиқчи хонага кириб келди:
- Мен келдим, Жанна!
- Ҳа, сизмисиз! – деди Жанна ва унинг кўзига қарашга журъат этолмай тўхтаб қолди.
- Шунақа ҳам қўрқинчли тун бўладими? Даҳшат!
- Ҳа, об-ҳаво жуда ёмон бўлди. Балиқ овлаб бўлдими?
- Йўқ, мутлақо, бемаъни тун. Ҳеч нарса тушмади. Фақат тўрлар йиртилди. Яхши бўлмади... Мен сенга айтсам... бунақа об-ҳавони, бунақа кечани эслолмасам керак. Балиқ овлашни-ку айтмаса ҳам бўлади. Уйга тирик қайтиб келганимга ҳам шукур... Хўш, сен нима қилдинг менсиз?
Балиқчи тўрларини хонага судраб кириб, печка ёнига ўтирди.
- Мен, – деди хотини ранги оқариб. – Мен... ҳалиги... тикиш қилдим.. Шамол шунчалик қўрқинчли бўлдики... Сиздан хавотирландим.
- Ҳа, ҳа, - ғўлдиради эри, - бўлмағур об-ҳаво бўлди! Нима ҳам қила олардик.
Иккаласи ҳам жим бўлиб қолди.
- Биласизми, - деди Жанна, – қўшнимиз Симона ўлиб қопти.
- Хўш?
- У қачон ўлиб қолганини билмайман, эҳтимол кечадир. У осонликча жон бермаган бўлса керак. Болаларини ташлаб кетишга юраги қандай дош берди экан. Ахир, гўдаклари ҳам жуда ҳам ёш...Бири ҳали гапирмайди, иккинчиси эса энди эмаклай бошлаган...
Жанна жим бўлиб қолди. Балиқчи қошларини чимирди; унинг юзи жиддий, хавотирли бўлиб қолди.
- Яхши иш бўлмапти! – деди у бошини қамаштириб, - нима қилмоқчисан! Уларни олиб келиш керак, акс ҳолда уйғониб қолгудек бўлса, марҳум билан бир жойда-я? Бир амаллармиз? Тезда уларни олиб кел!
Жанна жойидан қимирламади.
- Нима, раҳминг келмаяптими уларга? Сенга нима бўлди, Жанна?
- Улар шу ерда, - деди Жанна ва пардани орқага тортди.
Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.