Мутолаа: Урушнинг сурати. Ҳикоя
Қўчқор Норқобил
Ёлғиз – ёлғиз ўғил. Ғулом бобо билан Ойсара холанинг ёлғизи, ортида қоладиган ёруғ изи.
Ҳарбийга чақирув келди.
Ёлғизни афғон урушига олиб кетишди.
Хола кўп йиғлади. Холанинг кўзи хира тортди. Хола кўрмай қолди. Хола: “Ҳали ўғлим келса, кўзим очилиб кетади”, деб қўярди.
Соғинч дарди, таҳлика азоби холанинг ич-ичини ҳам куйдириб кетди. Бир йил ўтар-ўтмай хола омонатини эгасига топширди.
Ғулом бобо букчайиб қолди. Икки кўзи эшикка қадалди. Фақат эшикни кўрди. Ёлғизнинг йўлига тикилди икки кўзи.
Пахса деворга омонат илинган пастак эшик тиқ этса, бобонинг юраги шиғ этади. Жони халқумига келади. Нураб, тўкилиб кетаман деб турган озурда кўҳна кулбадан отилиб чиқиб, ялангоёқ югургилайди.
Овулдошу қўни-қўшни далда беради: “Келади бобо, келади, Ёлғизингиз келади…”
Ёлғиз келмади.
Темир тобути келди.
Эл-эломон бир қалқди – уввос урди эл-эломон: “Нотанти тақдир, келиб-келиб шугина ёлғиз чолнинг Ёлғизига чанг соласанми?..”
Бобо гарангсиб қолди. Эси кирди-чиқди бўлди.
Орадан бир ҳафта ўтиб бобонинг қошига қишлоқ мактабининг директори келди.
– Мактабни ўғлингиз Ёлғиз Холбоев номи билан атаймиз. Қабрига мармартош ўрнатиб, таъзиянома ёзмоқчимиз.
Чол унга ўқрайиб қаради. Ичкари уйга кириб кетди.
Эни-бўйи ярим қулоч келадиган мармар лавҳ олиб чиқди. Директор мармар лавҳга ўралган суратни – Ёлғизнинг суратини ҳамда “Мен отамдан олдин ўлганман…” деган ёзувни кўрди. Кўз олди қоронғилашиб, ич-ичидан ўкирик келди. Ўзини зўрға тийиб иҳради.
– Узр, бобожон, узр.
– Уф-ф… Кеча… Кеча район марказига бориб, ўзим тайёрлатиб келдим. Шуни қўяман, – деди бобо.
Бобонинг жони тош экан. Бобонинг боши тошдан экан. Бобо яшади. Узоқ яшади. Бу ҳаётга қасдма-қасд яшади. Ўтган йили юз ёшга яқинлашиб қазо қилди.
Хотира ва қадрлаш байрамида қишлоқда бўлдим. Қабристоннинг кунботарида Ёлғиз ётган қабр бошига келдим. Аскар кийимида жилмайиб турган ўғлоннинг сурати тагида: “Мен отамдан олдин ўлганман…” деган ёзувни ўқидим. Ўзимни қўлга олдим.
– Ана, ёнидаги Ғулом отанинг қабри, – деди қўшним.
Қабр бошидаги мармар лавҳдаги: “Мен боламдан кейин ўлганман…” деган ёзувга кўзим тушди. Энди ўзимни тутолмадим. Қабр пойида чўккалаб ўтирдим-да, кафтим билан юзларимни тўсдим. Ичимдан кўпириб тошган оғриқли бўронни тўхтатолмай ўкириб йиғлаб юбордим…