Мутолаа: Хобби. Ҳикоя
Фредерик Браун
- Эшитишимча... – деди Сэнгстрем ва кичкинагина дорихонада фармацевт ва ўзидан бошқа киши йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун бошини буриб у ёқ-бу ёққа қаради. Фармацевт юзларига ажин тушган, эллик ёшдан саксон ёшгача бўлган ноаниқ ёшдаги бағоят бадбашара митти гномга ўхшарди. Улар ёлғиз эдилар, аммо Сэнгстрем барибир овозини пасвйтириб: “... сизда заҳар бор, уни ҳеч қандай усул билан аниқлаб бўлмас экан”, деди.
Фармацевт бош ирғади. У пештахта орқасидан чиқиб, эшикни калит билан қулфлаб қўйди-да, орқага қайтиб, бинонинг аранг кўринадиган хизмат хонасига йўл кўрсатди.
- Ҳозиргина қаҳва ичмоқчи бўлиб турувдим, - деди у. – Юринг, меҳмоним бўласиз.
Сэнгстрем пештахтанинг орқасига ўтиб, митти одам ортидан жавонлари полдан шифтгача ҳар хил ўлчамдаги шиша идишчалар тизилган кичкина хонага кириб борди. Фармацевт электр қаҳва қайнатгични ёқиб, иккита финжонни чиқарди ва Сэнгстремни столга таклиф қилди, ўзи унинг қаршисида ўтириб олди.
- Хўш, - деди у. – Сиз кимни ва нима учун ўлдирмоқчисиз?
- Бу шунчалик муҳимми, - тўнғиллади Сэнгстрем. - Пулини тўлайман ахир, шунинг ўзи етарли эмасми?..
Фармацевт қўлини кўтариб, унинг гапини бўлди:
- Мен учун бу жуда муҳим. Сиз сўраган нарсангизга муносиб эканлигингизга ишонч ҳосил қилишим керак. Акс ҳолда... - у елка қисди.
- Яхши, – хўрсинди Сэнгстрем. – Сиз кимни деб сўрадингиз... хотинимни. “Нима учун”га келсак.... у узоқ сафсатага берила бошлади.
Қаҳва қайнади ва фармацевт узр сўраб финжонларни тўлдирди, Сэнгстрем ҳали-ҳамон гапирарди. Ниҳоят у жимиб қолди.
Фармацевт бош силкиб қўйди.
- Ҳа. Баъзан одамларга заҳар бераман, агар уларни бунга лойиқ деб топсам. Бу учун пул олмайман. Кўплаб қотилларга ёрдам берганман.
- Жуда яхши, - деди Сэнгстрем. – Илтимос, уни менга тезроқ берсангиз.
Фармацевт табассум қилди.
- Аллақачон. Қаҳва қайнатилгунча, мен сизни кичик дозага лойиқ деб қарор қилдим. Айтганча, сиз уни бепул олдингиз, аммо заҳарга қарши дори пул туради.
Сэнгстрем оқариб кетди. У олдиндан – агар масаланинг бундай томонга ўзгаришини кутмаган бўлса-да, шантаж ёки алдовни эҳтимол қилиб, тайёрланиб келганди, иккиланмасдан чўнтагидан тўппончасини чиқарди.
Митти одам истеҳзо билан жилмайди.
- Журъат эта олмайсиз. Заҳарга қарши дорини топа оласизми, – деди у қўлларини жавонлар томонига силтаб, - мингта шишачалар орасидан-а. Ёки аксинча, тез таъсир қилувчи заҳарни. Албатта, мен сизни алдаганимга ва заҳар йўқлигига қарор қилишингиз мумкин. Унда отиб ташланг. Жавобни уч соат ичида, у таъсир эта бошлаганида билиб оласиз.
- Заҳарга қарши дори қанча туради? – хириллаб қолди Сэнгстрем.
- Нархи жуда мақбул: минг доллар. Ахир, ҳамма яшаши керак-ку! Агар менинг хоббим қотилликнинг олдини оладиган бўлса, нега мен у орқали пул ишлаб олмаслигим керак? Нима деб ўйлайсиз?
-...
Сэнгстрем тушунарсиз бир нималар деб минғиллади, тўппончани столга қўйди-да, ҳамёнини чиқариб юзталик купюрада минг долларни санаб берди. Нима бўлса ҳам заҳарга зид дорини олиши керак, кейин бу лаънати митти билан ҳисоблашади.
Фармацевт пулни олиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмасдан, бамайлихотир стулда ўтирарди.
- Яна бир кичкина тафсилот, - деди у. - Энди сиз ўзингизнинг ниятингиз ҳақида сўзлайдиган хат ёзасиз, умид қиламанки бу ният ўтмишда қолиб кетади. Мен уни жиноий полициядаги танишимга юборишимни кутасиз. Бу шахсан менинг ва хотинингизнинг хавфсизлик кафолати бўлиб хизмат қилади. Хат қутига ташланиши биланоқ дорини оласиз. Мана қалам ва қоғоз. Дарвоқе, яна бир илтимос, унга сизни мажбур қила олмайман, менинг ажойиб заҳарим тўғрисида ҳамма жойда айтиб беринг. Ким билади, жаноб Сэнгстрем, мабодо душманларингиз бўлса-ю, сиз қутқарадиган ҳаёт сизнинг ўзингизга тегишли бўлса ажабмас.
Рус тилидан Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.