Мувофиқлик сертификати йўқ дафтарлар нега савдо шохобчаларига чиқарилган?
3-синфда ўқийдиган фарзандимга дафтар олиш учун идора ашёлари дўконига кирдим. Пештахтада юзида буюк адибларимиз, мутафаккир алломаларимиз суратлари чоп этилган дафтарлар турарди. Уларни кузатар эканман, юзида машҳур файласуф олим Абу Наср Форобийнинг сурати ҳамда исми ёзилган математика дафтари эътиборимни тортди.
Олим ҳаётига оид айрим маълумотлар имловий, грамматик хатолар билан ёзилган. Биринчи жумланинг ўзида тил қоидалари меъёрлари бузилган. Гап эгасиз қўлланилган. Улуғ сўзи улуг, «туркий» сўзи гапнинг ўртасида катта ҳарфлар билан ёзилган. Ундан кейинги жумлалар ҳам ғализ. Олимнинг «Ал-муаллим ас-соний» тарзида ёзилиши керак бўлган асари «ал Муаллим ассоний» тарзида ёзилган.
Дафтарни кузатар эканман, унда на ишлаб чиқарувчининг номи, манзили, мувофиқлик сертификати ёзилган эди.
Барча дафтарларни кузата бошладим.
Мусо ал-Хоразмий сурати акс этган дафтарнинг сўнгги саҳифасидаги маълумотлар ҳам хатолар билан берилган.
Ярми сўзи «яримида», олимнинг «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» асари «Ал-жабр вал-муқобала» деб ёзилган. Эътибор берсангиз, иккита дафтарда ҳам асарлар хато берилган. Бу фарзандимизнинг нотўғри маълумот олишига замин яратмайдими? Бу дафтарда ишлаб чиқариш корхонаси, манзили ёзилган бўлса-да, тўлиқ маълумотлар берилмаган. Бу ахборотларда ҳам грамматик хатолар талайгина.
Булар ҳали ҳолва экан. Мирзо Улуғбек сурати берилган дафтардаги айрим сўзларни тушуниш учун иккинчи ёки учинчи синф ўқувчиси эмас, тарихчи ёки тилшунос бўлиш талаб этилади. Чунки матнда ишлатилган «нобиға», «риёзийдон», «ерлашган» каби сўзларни тушуниш мушкул.
Мирзо Улуғбекка «Буюк Юлдуз билимдони ҳамда риёзийдони бўлган», дея таъриф берилган. Бобомизнинг буюк юлдуз билимдони эканлиги тарихимизга янгилик киритиш билан баробар.
«Ўзстандарт» агентлиги вилоят бўлимига мурожаат қилганимизда, мутахассислар ҳар бир дафтарга техник регламент бўйича мувофиқлик сертификати берилиши, улар болаларнинг саломатлиги учун хавфсиз бўлиши, гигиеник жиҳатдан ҳам қатор талабларга жавоб бериши кераклигини айтишди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июнда тасдиқланган қарори асосида «Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақида»ги умумий регламент қабул қилинган экан.
Жумладан, таълим муассасалари учун полиграфия маҳсулотларининг ҳар бири қоғозининг рангли, сифатлилиги, соғлиқ учун зарарли маҳсулотлардан тайёрланмаганлиги, чизиқларнинг ранги, гигиеник жиҳатдан тозалиги каби бир неча талабларга жавоб бериши лозим.
Умумий регламентда, ёзув дафтарининг биринчи саҳифасида олим, файласуф, буюк тарихий шахс, ёзувчи, шоирларнинг сурати ҳамда улар ҳақида қисқача маълумот ёки асарларидан лавҳа берилиши айтилган. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган давлат мадҳияси, ўлчов бирликлари, грамматик ва метематик қоидалар ҳам берилиши мумкин. Бошқа ахборотлар жойлаштирилишига рухсат берилмайди.
Аммо сотувдаги кундалик дафтар, расм дафтари, 36-48 варақли дафтарлар аксариятининг муқовасида турли мультфильм қаҳрамонлари, футболчилар, автомобиллар, роботлар сурати, сўнгги русумдаги телефон аппаратлари рекламаси ўрин олган.
Ушбу маҳсулотларда ишлаб чиқарувчининг кўрсатилмагани бу дафтарларнинг мувофиқлик сертификати йўқлигидан далолат. Аслида ҳар бир дафтарнинг охирги саҳифасида мамлакат номи, ишлаб чиқарувчи корхонанинг тўлиқ манзили, сақлаш тартиби, босмахона номи, манзили, мувофиқлик сертификатлари каби ахборотлар ёзилиши лозим.
Биз кузатган дафтарларда эса бу каби маълумотларни учратмадик. Ачинарлиси, савдо растасидаги бирорта дафтар хатолардан холи эмас. Худди барчаси бир-биридан андаза олгандек. Булар энди хат-саводи чиқаётган ўқувчини саводсизлик сари етакламайдими? Бунга қачонгача эътиборсиз қарашимиз керак?
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.