Имло хатоликларга бой китоблар ёш авлодни саводсиз қилмайдими?
Мен узоқ вақт қидириб юрган китоб — Абу Наср Форобийнинг "Фозил одамлар шаҳри" китобини ниҳоят топдим. Сабрим чидамасдан, уни варақлай бошладиму ҳафсалам пир бўлди...
Афсус, мен ўн етти йил давомида шу китобни қидирган бўлсам-а?!
Китоб 2016 йилда Абдулла Қодирий номидаги "Халқ мероси" нашриётида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида чоп этилиб, мактаб кутубхоналари учун чиқарилганлиги алоҳида таъкидланганига қарамасдан, имло қоидалари қўпол равишда бузилган. Деярли ҳар саҳифада бўғинлар мутлақо нотўғри кўчирилган. Масалан: bi-rin-chi ўрнига bir-inchi; biz-ning ўрнига bi-zning; yo-xud ўрнига yox-ud. Китобдаги энг кўп хато бўғин кўчириш жараёнида вужудга келган.
Китоб жами 320 саҳифадан иборат бўлишига қарамай, мундарижада 340 саҳифа, деб кўрсатилган. Бу ҳам етмагандек, мундарижада боб ва сарлавҳалар кўрсатилган бетлар чалкаштириб юборилганидан, излаган мавзуни топа олмайсиз. Мисол учун, "Fozil odamlar shahri" 179-бетда кўрсатилган. Аслида эса у китобнинг 166-саҳифасидан ўрин олган. Шу тариқа бошқа мавзуларни ҳам мундарижа асосида топиш мушкул.
"Ц" товуши лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида агар унли товушдан кейин келса, "-ts" тарзида ифодаланади, сўз бошида ва ундош товушдан кейин келганда s тарзида ёзилади. Бироқ ушбу китобда litsenziya ўрнига "lisenziya" тарзи ёзилган.
"Ў" товуши ва ҳарфини ифодаловчи янги алифбомиздаги "O'" ҳарфининг ўнг томони юқори қисмидаги белги тескари шаклда берилган. Худди шундай чалкашлик "ғ"ни ифодаловчи "g‘" ҳарфида ҳам нотўғри қўлланилган.
Хуллас, китобни варақлаш асносида у "мендан кетгунча, эгасига етгунча" қабилида фақат тижорат мақсадида нашр этилган, деган хулосага келиш мумкин.
Буюк аллома, мутафаккирларимизга кўрсатиладиган эҳтиром, муносабат шуми?! Китобни ўқиганлар — фарзандларимиз иккиланиб қолишмайдими? Ахир, бирор сўзнинг хато ёки тўғрилигини китоблар, газета ва бошқа босма нашрлардан қидирамиз-ку! Бу сингари имловий хатолардан иборат китобларни қўлга олган фарзандларимиз саводсиз бўлиб қолишмайдими?
Мазкур китоб устида ишлаганларнинг бирортаси уни чоп этилгач, қўлига олиб, варақламаган кўринади. Шундай ўйласак, уни нашрга тайёрлаш жараёни қандай кечганлиги ҳақида ҳам кўплаб саволларимиз очиқ қолаётир.
Ваҳоланки, китоб нашри учун бир-икки эмас, саккиз нафар киши масъул бўлган. Устига-устак бу китоб 44 221 нусхада чоп этилган. Қанча китобхонлар қўлига тушгани-ю, қанча киши мутолаа қилганлигини тасаввур қилаверинг... Китобни чиқаришдан мақсад фақат пул ишлашми?
Бу китобдан ташқари, болаларимиз тарбиясига дахлдор бўлган эртак китобларда ҳам кўплаб хатоликларга йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Нашриётини қидириб топсангиз, буюк ёзувчиларимизнинг номи билан аталганини кўрасиз. Буюклар руҳи ҳурмати муҳаррирларимиз эътиборлироқ бўлишлари керак-да!
Яқинда бир эртак китобни қўлга олдим, дизайни чиройли, рангдор. Аммо ичини варақласам ёзувлар, ҳатто, суратларнинг "оёғи осмонда". Ачинарлиси, бундай китобларни китоб магазинлари, кутубхоналар қабул қилишаётир. Ёш авлодни қаёққа бошлаяпмиз? Маънавиятимиз тақдирини кимларга ишонаяпмиз?
Бундай ишларни назоратсиз қолдириб бўладими? Бадиий кенгашлар, махсус комиссиялар нима вазифа бажаришяпти, ҳайронман! Авваллари ҳар бир китоб обдон назорат қилиниб, имло ва услубий хатолари тузатилиб, кейин нашрга рухсат бериларди. Бугун-чи?
Гулруҳ ЮСУПОВА,
"Эъзоз" ассоциацияси раҳбари.