Музейга боришга қачон одатланамиз?
Очиғи, ўзим ҳам атрофимдаги зиёлиларнинг музей ва обидаларга кам боришидан хижолат чекаман.
Чет давлатларга борганларнинг айтишича, айрим хорижий ўлкаларда бундай масканларга келаётганлар орасида маҳаллий аҳоли кўпчиликни ташкил этар экан. Нега биз бундай эмас? Умуман, тарихга қизиқиш, уни ҳурмат қилиш, музей ва обидаларга бориш кўникмаси қаерда ва қачон пайдо бўлади?
Насабини билмаган бола
Машина устахонаси ёнига оқ “Нексия" келиб тўхтади. Рулдан 70 ёшлардан ошган отахон тушиб келди, самимий чеҳра билан салом-алик қилгач, қимтинибгина узрини айтди.
- Узр, болаларим, жанозага боряпман, машина сал қийналганга ўхшади. Рухсат берсаларингиз, устага бир кўрсатиб, тадбирга етиб борсам.
…Табиийки, биз, устага ишимиз тушган бошқа мижозлар отахонга эътироз билдирмадик. Аксинча, ҳурматига ҳавасимиз келди. Уста ҳам чаққонлик билан отахоннинг машинасини созлашга киришиб кетди. Бобо уста боланинг чаққон ҳаракатлари, пишиқлигига ҳавас қилди, шекилли, унга гап ташлади.
- Яша, болам, кам бўлма, ақлли уста экансан. Қаердансан, кимнинг ўғлисан?
Уста қўли ишда бўлса ҳам ота-онаси, қариндошлари қаерданлиги ва кимданлигини айтиб ўтди. Отахон уларни танимас экан. Шунинг учун бобосини сўради. Йигит ҳам бобосини кўрмаганлигини, у киши вафот этганини айтди. Отахоннинг бошқа сўровлари ҳам жавобсиз қолди, негаки, уста авлодининг касб-у кори, ҳунарини айтиб беролмади. Ҳатто учинчи-тўртинчи аждодларини ҳам билмас экан.
Отахон жиддий тортди. Сўнг ишлаётган устанинг елкасига қўлини қўйиб, деди:
- Болам, аждодни билмаслик катта айб. Ҳалиям кеч эмас, суриштириб кўр. Сулоланинг анъанаси сенинг ҳаётинг мағзини белгилайди. Боболарингга, ота-онангга ўхшашга ҳаракат қил. Фақат менинг гапларимдан хафа бўлма…
Машина соз ҳолатига келгач, отахон иш ҳақини бериб, уста баробарида бизни ҳам дуо қилиб, тадбирига шошилди. У кишининг охирги гаплари ҳаммамизга таъсир қилди.
Баҳона билан иш битмайди
Биз музей ва обидаларнинг ёшлар учун чинакам дарсхона эканини кўп гапирамиз. Ҳатто байрамларда ёки ёзги таътилда ўқувчиларни бундай масканларга бепул олиб бориш чоралари ҳам кўрилади. Бу албатта, вақтинчалик тадбир. Гарчи халқ таълими тизимидаги дастурларда ўқувчи-ёшларни тарихий обидаларга, музейларга олиб бориш мажбурияти юкланган бўлса-да, на тизим раҳбарлари, на ўқитувчилар бу масала билан жиддий шуғулланишмайди.
Шунинг учун бу борада соҳа фикри билан қизиқдим.
- 5-11-синф ўқувчилари учун ўқув режада музей ва маданий мерос объектларида амалий машғулот ўтиш белгиланган, - дейди тарих фани ўқитувчиси Д.Нарзиева. - Чунки тарихий обидалар ва экспонатлар ўқувчиларда тарихимизга бўлган тасаввурни бойитади. Минг афсуски, кўп ҳолларда бундай натижага эриша олмаяпмиз.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган маълумотга кўра, вилоятдаги ўқувчиларнинг 50 минг нафардан ортиғи ўқув йили давомида диққатга сазовор масканлар, маданий мерос объектлари ва музейларга саёҳатга борган. 10 фоизи бу тадбирларга жалб этилмаган. Аммо мен ўша 50 минг нафар боланинг ҳам тўлиқ борганига ишонмайман. Чунки бу иш учун механизм мукаммал яратилмаган.
Ўқувчиларнинг бу хилдаги масканларга бориши учун, биринчидан, тарих фани ўқитувчиси жуда фидойи бўлиши, тизим бошқарма ва бўлимлари транспортга маблағ ажратиши зарур. Аммо бу ҳолат кўзга ташланмайди. Ажратилган маблағ бошқарма ҳисобида тургани учун уни мактабга олиш, транспорт корхонаси билан шартнома тузиш ва бошқа ташвишлар анча вақт олади. Бинобарин, ўқувчи-ёшларни маданий мерос объектларига тўловсиз киришини таъминлаш Президентнинг 2023 йил 8 майдаги фармонида ҳам белгиланган. Аммо ҳанузгача шаҳар ва туманларда мактаблар учун мунтазам равишда болаларни бундай жойларга олиб бориб-келишга транспорт воситаси ажратилмаган. Натижада ҳисобот сўралганда рақамларни истаганча қўйиб топшираверамиз.
Агар ижтимоий тармоқларни кузатсангиз хориждаги шунақа чиройли музейларни кўрсатишадики, ўша заҳотиёқ у ерга бориш ҳаваси уйғонади кишида. Музейнинг кўриниши, унга кириш-чиқиш тартиби, ичидаги ҳавастортар экспонатлар, табиийки, эътиборингизни қаратади. Ҳатто буни хорижга бориб-келган ҳамюртларимиз ҳам таъкидлашяпти, аниқроғи, мақташяпти.
Энди ўзингизга савол беринг: биз қайси бир музейимиз ҳақида ана шундай тасаввурга эгамиз? Одамларнинг, болаларимизнинг музей ва обидаларга боришга унча даражада қизиқмаётганлигининг сабаби ҳам бундай масканларнинг диққаттортар эмаслигида эмасмикин? Бу ҳақда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Маҳмудхон Юнусовнинг фикрларини ўргандик.
- Юртимизда илк музейлар ташкил топганига 140 йил бўлди, - дейди у киши. - Албатта, уларни замонавий тусга келтириш бўйича жуда кўп иш қилиняпти. Маданий-мерос агентлиги тузилди, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси очилди, технология жиҳозлари ҳам келтириляпти. Бундан ташқари, хориждан кўргазмалар уюштиряпмиз, кўплаб музейлар таъмирланяпти.
Аммо мутахассис сифатида таъкидламоқчиманки, биз ҳали музейларимиз жозибадорлиги, мазмундорлиги ва оммавийлигини таъминлаш учун жуда кўп иш қилишимиз керак. Шу ўринда бир мисол айтиб ўтсам, яқинда Парижда олти метрлик Афросиёб девори ва бошқа шу даврга оид ашёларни намойиш қилдик. Каталоглар чиқардик. Францияликлар шунчалик қизиқдики, ашёларимиз каталоги тўрт марта қайта нашр қилиниб, қирқ минг нусхада сотилди. Бизда эса бутун бошли вилоятдаги бирорта музейга экскурсовод штати ажратилмаган. Сайёҳлик фирмалари экскурсоводлари эса билимда ҳали талабга жавоб бермайди.
Музейларимизни замонавий қилиш учун нафақат уларни таъмирлаш, замонавий технологиялар билан қуроллантириш, атрофини обод қилиш керак, балки хизмат кўрсатишнинг ҳам самарали усулларини жорий қилишимиз лозим. Бизнинг эса кўзимиз бундан 30-40 йил олдинги ҳолатларга кўникиб қолган. Агар ёритиш мосламаларини ҳисобга олмайдиган бўлсак, экспонатлар тарғиботида ўзгаришлар кам.
Мутахассис фикридан аён бўляптики, бизда ҳам музей ва тарихий обидаларни оммавий зиёрат масканларига айлантириш чоралари кўрилиши керак. Токи бу ерга келувчи ҳар бир инсон, аввало, кўп маълумотга эга бўлиши, ўз халқи тарихи билан ғурурланиши, маънавий эҳтиёжини қондириши ва шунинг баробарида, авлодларнинг ҳам ана шу анъаналарга содиқлигини таъминлаши лозим.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.