Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпай тумани ЭТК ходимлари қарийб 500 миллион сўм маблағни талон-торож қилган

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Нарпай тумани бўлими томонидан туман электр таъминоти корхонасида истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб-варақаларига киритилган тўловларнинг қонунийлиги ўрганилди.

Аниқланишича, 2018-2019 йиллар давомида корхонанинг бир гуруҳ ходимлари корхона ҳисоб рақамидаги 499,1 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини ҳудудда жойлашган 173 та корхона ва ташкилотларнинг “Электрҳисоб” дастуридаги шахсий ҳисоб-рақамларига ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўтказиб берган. Ушбу ноқонуний ўтказилган маблағлар эвазига корхона ва ташкилотлар масъул ходимларидан нақд пулларни олиб, ушбу пулларни белгиланган тартибда электр таъминоти корхонасига кирим қилмасдан, банк кассасига топширмасдан, ўзларининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборган ва ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Нарпай тумани бўлими томонидан туман электр тармоқлари корхонаси ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун туман прокуратурасига юборилган.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.