Нарпайда янги ип йигирув цехи, 350 та янги иш ўрни

Яқинда Нарпай тумани маркази Оқтош шаҳридаги собиқ “Зирабулоқ” тажриба-синов заводи ҳудудида “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти томонидан ип-йигирув цехи ишга туширилди. Фабрика биносини қуриш ва ускуналар билан жиҳозлаш учун 55 миллиард сўм маблағ сарфланди.

- Хитой давлатидан келтирилган ускуналар ёрдамида бир кунда 15 тонна ип калава тайёрланмоқда, - дейди цех иш юритувчиси Фирдавс Жумаев. – Фабрикамизда 350 нафарга яқин ишчи-ходим 3 навбатда фаолият олиб боряпти. Маҳсулотимиз ҳозирча ички бозорга сотилаётган бўлса, келгусида четга экспорт қилиш режамиз ҳам бор. Шу кунларда Покистон, Эрон, Туркия ва Тожикистон давлатлари билан шартномалар имзоланяпти.

Цехга, асосан, тумандаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи фуқаролар ишга жойлаштирилди.

- Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам ишсиз эдик, - дейди корхона лаборанти Мадина Чоршаъмова. – Шу фабрика ишга тушгач, иккимиз ҳам ишли бўлдик. Бир кунда 8 соат ишлаймиз. Ҳар бир навбатда бир маҳалдан иссиқ овқат берилади. Ойлик ҳам яхши: 1,5 миллион сўм атрофида.

Янги ташкил этилган цехнинг янги келган ишчиларига покистонлик мутахассислар яқиндан кўмаклашмоқда.

- “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган мазкур фабрикада ишчиларга ускуналардан қандай фойдаланиш кераклигини ўргатяпмиз, - дейди покистонлик мутахассис Санаулло Чоури. – Ишчилар фаолият бошлаганига ҳали кўп бўлмаса-да, анча қўллари келишиб қолди. Ўзбек ёшларининг ўрганиш қобилияти яхши экан. Қайсидир ишни бир марта бажариб кўрсатсангиз, дарров ўрганиб олишаркан.

Келгусида корхонада йигирилаётган ип-калавадан шу ернинг ўзида мато тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.