National Geographic Ўзбекистонда фотосуратлар олади

АҚШ да фаолият олиб борадиган Fotography Life ижодий гуруҳи дунёга машҳур  National Geographic журнали учун Ўзбекистонда кенг миқёсли суратга олиш ишларини олиб боради.

Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беряпти.

Суратга олиш гуруҳи фотографлари 24 кун давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлиб хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қиладиган турли объектларни ва йўналишларни суратга туширади.

Ушбу ижодий гуруҳ делегациясини Ўзбекистонга таклиф этиш ғояси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоятлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан биргаликда ишлаб чиқилган.

National Geographic журнали — АҚШ Миллий География жамиятининг расмий журнали ҳисобланади. У 1888 йилда ташкил этилган. Ушбу журнал дунёнинг кўплаб давлатларида турли тилларда чоп этилади.  Ушбу журналда дунёнинг турли мамлакатларининг географияси, табиати, тарихи, илм-фани, маданияти ҳақида мақолалар турли қизиқарли суратлар билан бойитилиб чоп этилади.