Жаҳонда энг машҳур сурат - Microsoft Windows XP компьютер дастури тимсоли
Бу фотосурат инглизча «Bliss», яъни «Тиниқлик» деб номланган бўлиб, у АҚШлик профессионал сураткаш Чарльз О’Риэр томонидан 1996 йилда суратга олинган. Калифорния штатидаги Сонома водийсининг жанубий-шарқида жойлашган Кловер Стронетт номли эски чорва фирмаси яқинидаги тепаликда олинган.
Суратда яшил тепалик устида парқут булутларга бурканган тип-тиниқ кўк рангдаги осмон тасвирланган. Сурат дунёдаги энг кўп кўрилган ижод намунаси сифатида тан олинган. Ҳозирда Microsoft Windows XP компьютер дастурининг асосий тимсоли ҳисобланади.
- «Буюртма сурат учун айнан шунақа жаннати жойни излаб юрган эдим, - дея эслайди фотограф. – У жой шунчалик нафис ва гўзал эдики, хаёлимда илоҳий жаннатнинг ўзгинаси. Атроф ям-яшил, булутлар қуёш нурларини пинҳона беркитиб турарди.
Унинг Напа-Сонома трассасидан ўтаётганда яшил тепаликка кўзи тушиб, бирдан миясига нимадир ярқ этиб урилгандек бўлди. Машинасини йўл четига тўхтатди. Атрофни кузатиб, неча кундан бери қидириб юрган жойини топгандек ҳис қилди ўзини. Бу гўзал манзарага булутлар соя солмасликларидан қўрққанича шоша-пиша фотоаппаратини ўрнатганича бир нечта сурат олди.
2006 йилнинг ноябрь ойида “Goldin+Senneby” ижодий гуруҳи вакиллари ҳам Сонома водийсидаги «Тиниқлик» олинган жойга бориб, бир нечта суратлар олишди. Аммо улар Чарльзнинг фотосурати каби машҳур бўлмади.
Шу йили швейцариялик суратчи С.Меттро оммага «Билл Гейтс талабига биноан ям-яшил тепалик» номли фотосуратини намойиш қилди. Иккала фотосуратларнинг бир-бирига ўхшаш томонлари бўлса-да, аммо у Калифорнияда эмас, балки Швейцарияда суратга олинган экан.
Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.